Адлия ходимлари фермерлар дардига қулоқ тутди
Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда фермер хўжалигининг ўрни иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан қараганда катта аҳамиятга эга. Шу боис фермер хўжаликларида меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, юқори қўшилган қиймат яратиш учун зарур қонуний чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг жорий йилнинг 26 февралида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2021 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ислоҳотларни амалга оширишда муҳим қадам саналади.
Қарорга кўра, озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этиш йўналишида кооперация шартларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ёшларга фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари ижарага берилмоқда. Шунингдек, фермер хўжаликлари ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг экин майдонлари иккиламчи ижарага берилиши белгиланди.
Бундан ташқари, қулай агробизнес муҳити ва қўшилган қиймат занжирини яратиш йўналишида қуйидагиларни амалга оширишга имконият яратилди:
- бир туманда учтагача пахта-тўқимачилик кластерларига фермер хўжаликлари билан шартнома асосида фаолият юритиш;
- фермер хўжаликларига ушбу кластерлар билан пахта хом ашёсини етказиб бериш бўйича ихтиёрий равишда фьючерс шартномаларини тузиш.
Таъкидлаш лозимки, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларда фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилиши аҳволини ўрганиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш орқали соҳани тубдан ислоҳ қилиш юзасидан таклифлар тайёрлаш, “Фермерлар қишлоқ хўжалиги ривожининг драйвери” сифатида уларнинг иқтисодиёт ва жамиятдаги мавқеини ошириш мақсадида Адлия вазирининг 2021 йил 24 май кунида “Фермерга мадад” ҳуқуқий акциясини ўтказиш тўғрисида тегишли буйруғи ишлаб чиқилди.
Унга кўра, республика-вилоят-туман миқёсида адлия тизими ходимлари фермер хўжалиги раҳбар ва аъзолари билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг фикр ва мулоҳазаларини тинглаб, соҳага оид норматив ҳужжатлар бўйича ҳуқуқий тарғибот тадбирларини олиб бормоқда. Жумладан, Паст Дарғом тумани адлия бўлими ходимлари ушбу акция доирасида тумандаги “Бобоназар бобо", "Аброр грузин", "Адиба-Зулайҳо" каби фермер хўжалиги бошлиғи ва ишчилари билан пахта, ғалла майдонларида учрашувлар ўтказиб, уларни қизиқтирган муаммо ва саволларга жавоблар берди.
Суҳбат жараёнида фермер хўжалиги аъзолари томонидан муқаддам адлия тизими ходимлари суҳбатлар ўтказмаганликлари, тизим ходимларининг улар ишлаб турган далаларга келиб ҳолларидан хабар олиши, соҳага оида қонунлар, норматив ҳужжатлар бўйича тарғибот тадбирларини олиб борганликларидан хурсандликларини баён қилди.
Айни кунларда вилоятимизда “Фермерга мадад” ҳуқуқий акцияси давом этмоқда. Демак, фермерлар фаолиятида учраётган муаммолар бўйича ҳудудларидаги адлия бўлимига мурожаат қилишлари мумкин. Адлия тизими ходимлари уларни қийнаётган масалалар бўйича қонун доирасида ҳуқуқий ёрдам беришга тайёр.
Шавкат Рўзиназаров,
Паст Дарғом тумани адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.