Афсоналар қайтмоқда: Майк Тайсон & Эвандер Холифильдга қарши - улар учинчи бор учрашувга тайёрми?
Яқинда жаҳон матбуотида афсонавий америкалик оғир вазндаги боксчилар Майк Тайсон ва Эвандер Холифильдлар яқинда профессионал боксга қайтишини эълон қилганлиги тўғрисидаги маълумотлар тарқалди.
Бу ёлғон хабарми ёки рост? Қай даражада ишончли? Нима бўлганда ҳам аллақачонлар тарихга айланиб улгурган машҳур боксчиларнинг рингга қайтиши миллионлаб бокс мухлисларини хурсанд қилиши тайин. Мухлислар кутган ҳол юз берди: Тайсон ва Холифильд учинчи марта жанг ўтказадиган бўлишди.
- Ҳа, мен Тайсон билан рингга чиқиб, 1996 йилдаги натижамни такрорламоқчиман, - дейди Эвандер Холифильд. – 23 йилдан бери буни кутиб турган эдим. Мен Майкни мағлуб эта оламан. Буни ўзи ҳам билади, икки марта амалга оширганман. Тўғри, ҳозир 57 ёшда бўлишимга қарамасдан, кучим ҳам, ақлим ҳам ўша вақтдагидек. Аммо Тайсон бунга рози бўлармикан, қўрқмай, рингда менга қарши чиқа оладими? Қоидалар ҳақида келишиб олишимиз керак. Биз бир-биримизни нокаут қилиш учун эмас, балки мухлисларимизга ўз даврининг энг кучли боксчилари ҳали ҳам борлигини, улар кучдан қолмаганлигини кўрстишимиз лозим.
Эслатиб ўтамиз Эвандер Холифильд 2011 йилда профессионал рингда ўзининг сўнгги жангини ўтказган эди. У фаолияти давомида бир неча вазнда мутлақ жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.
Рингга қайтиши кутилаётган гигант боксчилар икки марта рингда учрашишган. 1996 йилда ўтган дастлабки жангнинг 11-раундида Холифильд Тайсон устидан муддатидан олдин ғалаба қозонган. Иккинчи марта эса улар 1997 йилнинг ёзида учрашган. Бокс тарихида энг жанжалли, деб тан олинган беллашувдан сўнг Тайсон мусобақалардан четлаштирилганди. Чунки жангнинг 3-раунддида Тайсон Холифильднинг қулоғини тишлаб узиб олгач, ҳакам учрашувни тўхтатган.
Мухлислар собиқ жаҳон чемпиони Майк Тайсонни 2005 йилдан бери рингда кўришмаган. Ўшанда «Темир Майк» яна бир профессионал боксчи Кевин Макбрайддан нокаут қабул қилиб, мағлубиятга учрагач, қўлқопларини михга илишга қарор қилган эди.
Айни коронавирус пандемияси даврида икки боксчи ҳам машғулотларга зўр беришган. Улар ўртасидаги беллашув эса карантиндан сўнг ўтказилиши мумкин. Интернетда Тайсоннинг шуғулланаётган ҳолатини кўриб, унинг ҳамон яхши ҳолатда эканлигини билиш мумкин. У ҳам Холифильддан реванш олишни истаётганлигини таъкидламоқда.
Агар ташкилотчиларнинг ниятлари амалга ошса, жаҳондаги миллионлаб бокс мухлислари икки афсонавий боксчилар ўртасидаги учинчи жангдан баҳраманд бўлишлари мумкин бўлади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ тайёрлади.