Акция: "НИКОҲ ЁШИ ЭНДИ 18!"

Сир эмас, қизларнинг оилавий ҳаётга жисмонан ва маънан тайёр эмаслиги оилавий низоларга, ажримлар сони ортишига сабаб бўляпти. Бир тасаввур қилинг, 17 ёшли қиз ҳали мактабни, касб-ҳунар коллежини тамомламаган ёшда турмуш қурди: энди ўқиб ўрганаётган бу даврда қизлар на пазандаликни, на хонадонини саришта тутишни билади. Бу ҳам етмагандек, ўзини тута билиш, доимо тавозеда бўлишга келганда бу ёш давридаги қизиққонлик оилавий ҳаётда панд беради.

Шулардан келиб чиқиб, Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида шаҳар ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси, ФҲДЁ органлари ҳамда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида "Никоҳ ёши энди 18!" акцияси ўтказилди.

Акцияда мутахассислар томонидан эрта туғруқ, оилавий муаммоларнинг олдини олиш никоҳ ёшининг белгиланишига бориб тақалиши, бунда ҳар бир давлат аҳолисининг никоҳга муносабати ва репродуктив ҳолатидан келиб чиқиб иш юритиши, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган шахсларнинг барчаси бола ҳисобланиши ёшларга тушунтирилди. Мавзуга доир тарқатма материаллар берилди.

Акцияда маҳалла фаоллари, ёшлар, шунингдек, давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ва шаҳар маркази мутахассислари фаол иштирок этди.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.