Андижондаги портлаш бўйича қўшимча маълумот берилди
2019 йил 4 декабрь куни соат тахминан 14:05 да Андижон шаҳрининг 2-кичик даҳасида жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи 30 ёшли фуқаро Д.С.нинг хонадонида ўрнатилган газ тортгич мосламасида уйда ҳеч ким йўқлиги ва назоратсиз қолиши оқибатида кўп миқдорда газ тўпланиб чақнаши оқибатида ёнғин келиб чиққан.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан тақдим этилган қўшимча маълумотга кўра, ёнғин сабаб мазкур кўп қаватли уйда жойлашган 8 та хонадон зарар кўрган ҳамда 11 нафар фуқаролар термодеструктив маҳсулотлардан заҳарланиш ташхиси билан касалхонага ётқизилган. Жабр кўрганлар орасида 3 нафар вояга етмаганлар бор. Жабрланганлар орасида қурбонлар йўқ.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан олдин, Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида портлаш содир бўлгани, 8 киши касалхонага ётқизилгани хабар қилинганди.