Анқара музокаралари: Толибон аёлларни соғлиқни сақлаш тизимига қайтарди

Анқарадаги музокараларда Толибон ҳаракати вакиллари аёлларни мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасига қайтарганликларини билдирди, деди Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли.

"Биз Толибонга бир неча таклифлар билдирдик. Тинчлик учун мамлакатга аҳолининг барча гуруҳлари иштирокида инклюзив ҳукумат керак. Аёлларни жамоат ҳаётига, ишга, бизнесга жалб қилишни, қизлар таълим олишини рағбатлантиришни таклиф қилдик. Бу нафақат Ғарб давлатларининг хоҳиши, балки мусулмон давлатлари амалиёти ва кутилган натижаси. Бизга аёллар соғлиқни сақлаш соҳасига қайтганини маълум қилишди", деди Чавушўғли музокаралар якунида журналистларга.

Унинг қўшимча қилишича, Туркия барча таклифларни "катта биродар" позициясидан эмас, балки тенг ҳуқуқли шерик сифатида илгари сурди.

Аввалроқ, Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Абдул Қаҳар Балхий мамлакат муваққат ҳукуматида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттаки бошчилигидаги делегация музокаралар учун Туркияга жўнаганини айтганди.