АҚШ штатларида аномал об-ҳаво туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Техас ва АҚШнинг бошқа штатларида кучли қор ёғиши туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Техасда сўнгги 30 йилдан ортиқ вақт давомида энг паст ҳарорат қайд этилди. Баъзи жойларда термометр -18 C га тушиб кетди.

Одатда иссиқ ҳаво ҳукм сурган Теннеси, Техас, Кентукки ва Луизиана штатларидаги бўрон туфайли 11 киши ҳалок бўлди. Шимолий Каролинада худди шу бўрон туфайли содир бўлган торнадо 16 февраль куни эрта тонгда уч кишининг ҳаётига зомин бўлди.

Жабр кўрган штатлар қаторига Миссисипи, Алабама ва Оклахома ҳам киради. Мамлакатнинг шимоли-ғарбидаги Орегон штатида ҳам об-ҳаво жуда ёмон.

Фақат ўтган якшанба куни Хюстонда 120 га яқин йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилди. Қор бўрони пайтида Оклахома Сити яқинидаги катта трассада содир бўлган аварияда бир нечта юк машиналари ёниб кетди.

Совуқ ҳаво ҳатто Шимолий Мексикага етиб борди, у ерда 4 миллиондан ортиқ уй ва корхона электрсиз қолди. Миллий об-ҳаво хизмати 150 миллиондан ортиқ америкалик (мамлакат аҳолисининг тахминан ярми) қаттиқ бўрон кутилаётган ҳудудларда истиқомат қилишини айтмоқда.

Ҳукумат одамларга имкон қадар саёҳат қилишдан чекланишини маслаҳат бермоқда. Аэропортлар вақтинча ёпилган.