“Бир камар, бир йўл”: Самарқандлик фермер ва тадбиркорлар Хитойда ўтказилаётган кўргазмада иштирок этяпти
Хабар қилганимиздек, шу кунларда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва тадбиркорларидан иборат делегация Ўзбекистоннинг Шанхайдаги Бош консулхонаси кўмагида Хитойнинг бир қатор провинцияларида бўлиб турибди.
Хусусан, бугун вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш.Худойбердиев ва вилоятимизнинг фермер ва тадбиркорлари “Бир камар, бир йўл” ташаббуси доирасида полиз ва сабзавот саноатини ривожлантириш бўйича ўтказилаётган кўргазмада қатнашди.
Таъкидлаш лозимки, охирги уч йил ичида Самарқанд вилоятининг Хитой давлати ҳудудлари билан товар айланмаси қарийб 3 баробарга ёки 170 фоизга ошди. Жумладан, 2023 йил якуни билан 703,9 млн долларни ташкил этди. Хитой давлатидан Самарқанд вилоятига киритилган хорижий инвестициялар эса қарийб 4 баробарга ёки 292 фоизга ошди (2023 йил якуни билан 393,6 млн доллар).
Сир эмас, бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунё мамлакатлари олдида турган энг долзарб вазифалардан бири бўлиб турибди. ФАО маълумотларига кўра, дунё бўйича 1,2 млрд. тоннадан ортиқ сабзавотлар маҳсулотлари етиштирилган бўлиб, бу Осиё давлатлари бўйича – 898,2 млн. тонна, Африка давлатлари бўйича – 85,2 млн тонна, Европа давлатлари бўйича – 84,6 млн тонна, Америка қитъаси бўйича – 77,4 млн тонна ва Океания давлатлари бўйича эса 3,2 млн тоннани ташкил этган. Республикамизда эса йилига ўртача 8,5 млн тоннага яқин сабзавот маҳсулотлари етиштирилади.
Кўргазмада Ш.Худойбердиев Самарқандда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан боғлиқ маълумот ва тақдимотлар асосида сўзга чиқди.
- Бугунги ташрифимиздан мақсад ҳудудларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада чуқурлаштириш, - деди вилоҳя ҳокими ўринбосари. - Самарқанд вилояти тўғрисида қисқача гапирадиган бўлсам, ҳудуд Буюк Ипак йўли чорраҳаси ҳисобланиб, бугунги кунда ўзининг иқтисодий салоҳияти ва мавжуд табиий ресурслари билан мамлакатимиз иқтисодиётида алоҳида ўрин эгаллайди.
Самарқандда хорижий инвесторларга инвестиция ва қўшма бизнесни ривожлантириш учун махсус қулай инвестиция муҳити ва инфратузилма яратилган. Хусусан, биз хитойлик тадбиркорлар билан логистика, электротехника, кимё, фармацевтика, замонавий қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб йўналишларда ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш тарафдоримиз.
Ҳозирги кунда Тойлоқ, Самарқанд, Жомбой, Булунғур ва Оқдарё туманлари мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган. Вилоятимизда 40 дан ортиқ сабзавот экин турлари экилиб, фойдаланилаётган бўлса-да, дунёда инсон саломатлиги учун қимматли хусусиятларга эга бўлган, халқимиз кам истеъмол қиладиган ва деҳқонларимиз томонидан жуда кам етиштириладиган ноанъанавий сабзавот ўсимликларини интродукция қилиш, уларнинг озиқ-овқат ва дориворлик хусусиятларидан янада тўлароқ фойдаланиш, хомашё асосида табиий сабзавот ва доридармонлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳозирда ноанъанавий сабзавот экинларидан – спаржа, бамия, мангольд, артишок, батат, Брюссель карами кабиларни вилоятимиз тупроқ-иқлим шароитида етиштириш технологияси ишлаб чиқилиб, улардан олинган маҳсулотлар ички бозорга сотиш билан бирга хорижга ҳам экспорт қилинмоқда.