Бир ўқув йилида бир ойгина дарс ўтилган ёхуд устозингизни қачон йўқлагансиз?

Бир куни ҳамкасб дўстларим билан суҳбатлашиб ўтирганимизда биринчи ўқитувчи мавзусида гап кетди. Ҳар биримиз алифбени ўргатган устозларимизни бир-бир эсга олдик. Ҳамкасбларимдан бири қўлига илк бор қалам тутган устози оламдан ўтганлигини айтиб, унинг ҳақига дуо қилишимизни илтимос қилди. Яна бири мактабни битирганидан буён биринчи ўқитувчисини кўрмаганини айтиб афсусланди.

- Мақтанишга йўйманглар, - дея гап бошлади ҳамкасбим Тўлқин Сиддиқов. - Ҳар йили 1 октябрда биринчи ўқитувчим Дилбар Солиевани йўқлайман. У ҳеч биримизга бегона эмас аслида. Журналистика соҳасида кўпчилигимизнинг устозимиз қўшработлик (охирати обод бўлсин) Мамадиёр Зиёдиновнинг турмуш ўртоғи. Ҳар устозлар байрамида Дилбар опага бир йил давомида эришган ютуқларим, буларга эришишда устознинг ҳиссаси катта эканлиги ҳақида гапириб бераман. У узоқ дуо қилади.

- Мен эса биринчи ўқитувчимни ҳар куни йўқлайман, - дедим кулиб. – Нафақат устозлар кунида, ҳар байрамда, арзимас бўлса-да совғалар олиб бораман. Ҳар кунги ютуқларим ва ташвишларимдан хабардор қилиб тураман. Ҳар тонгда дуосини олиб кўчага чиқаман. Менинг биринчи ўқитувчим – онам.

Кейин ўйланиб қолдим. Ҳеч бир байрамда онамдан бошқа устозларимнинг ҳолидан хабар олмаган эканман. Бу йилги Ўқитувчи ва мураббийлар куни олдидан мактабда юқори синфларда бизга раҳбарлик қилган, она тили ва адабиёт фанидан дарс берган устозимиз Эътибор Худойкуловани йўқлашни ният қилдим.

Ўзим ўқиган Паст Дарғом туманидаги 56-мактабга бордим. Бу ерда бизга дарс берган устозлар, ҳатто бугун  ўқитувчилик қилаётган синфдош дўстларим мени қарши олди. Уларни касб байрамлари билан қутлаб, устоз Эътибор Худойқуловани айём олдидан атайлаб йўқлаб келганлигимни айтдим.

- Жуда хурсандмиз, шогирдлар йўқлови ҳар бир устоз учун катта бахт, - деди мактаб директори Шаҳло Саидмуродова. – Муассасамизда 680 нафар ўқувчига 47 нафар ўқитувчи таълим-тарбия беради. Шулардан бири катта тажрибага эга муаллима Эътибор Худойқуловадир. У мактабда кўпгина ўқитувчиларнинг ҳам устози. Ўқувчиларга таълим бериш билан бир қаторда, ёш ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ишларига ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Эътибор опа тумандаги барча она тили ва адабиёт ўқитувчиларига ҳам устозлик қиляпти. Сабаби, у туман халқ таълими бўлими томонидан ташкил этилган мобил гуруҳ мураббийи ҳамдир.

Мактаб директори мени ўқитувчилар хонасига бошлади. Эътибор опа шу ерда кейинги дарсига тайёргарлик кўраётган экан.

Устоз билан суҳбатлашдим. У оммавий ахборот воситаларидаги ижодий ишларимни кузатиб боришини айтди. Мен эса ундан шу пайтгача хабар олмаганим учун узр сўраб, фаолияти ҳақида гапириб беришини илтимос қилдим.

- Кейинги йилларда биз, ўқитувчиларга эътибор ошяпти, - деди у. - Аввало, таълим муассасамиз ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабига айлантирилгани биз учун қувонарли бўлди. Шунинг учун ҳам мактабда барча шароитлар яратилган. Ўйлаб қарасам, бундан бир неча йил аввал бир ўқув йилида бор-йўғи бир ойгина мактабда дарс ўтиш билан шуғулланиб, қолган пайтларни бошқа юмушлар билан ўтказган эканмиз. Бу - ҳақиқат. Ўқув йили пахта териш мавсуми билан бошланиб, узум узиш, ток кўмиш билан давом этарди. Орада қишки таътилдан ташқари бир ой ёки ундан зиёдроқ вақт давомида мактабда дарс берган бўлсак, баҳор келиши билан кўчаларни ободонлаштиришга киришиб кетардик. Баъзан янги уйлар қурилишида ҳам ўқитувчилар ўз ҳиссасини қўшган бўлса, ўқув йилимиз ғўзани ягана қилиш билан тугарди. Шукурки, бугун барчаси ортда қолди.

Суҳбатимиз давомида Эътибор Худойқулова шогирдлар муваффақияти устознинг бахти эканлигини кўп бор такрорлади. Хайрлашар чоғида ҳам шогирдлари ютуғи бардавом бўлишини тилаб дуо қилди.

Бахтиёр МУСТАНОВ.