Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Бизда Путинни ҳибсга олмасликнинг иложи йўқ": Жанубий Африка ҳукумати Путиндан БРИКС саммитига келмасликни сўради

Жанубий Африка Республикаси ҳукумати Россия президенти Владимир Путинни бўлажак БРИКС саммитида иштирок этишдан бош тортишга чақирди, деб ёзади Жанубий Африканинг The Sunday Times газетаси.

Нашр манбаларига кўра, Жанубий Африка расмийлари Кремлни Путинни саммитда видеобоғланиш орқали иштирок этишга кўндирмоқчи. Россия Федерацияси президенти шахсан Жанубий Африкага келган тақдирда, мамлакат расмийлари Путинни ҳибсга олиш тўғрисидаги Халқаро жиноий суд ордерини бажариши керак бўлади.

“Бизда Путинни ҳибсга олмасликнинг иложи йўқ. Агар у келса, биз уни ҳибсга олишимиз керак ”, деган манба.

БРИКС саммити (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка) август ойида Жанубий Африкада бўлиб ўтиши керак.

25 апрель куни Жанубий Африка президенти Сирил Рамафоса унинг мамлакати “Халқаро жиноят суди (ХЖС)нинг айрим давлатларга нисбатан адолатсиз муносабати” туфайли ХЖС юрисдикциясидан чиқишга қарор қилганини айтди. 27 апрель куни Жанубий Африка президенти сайтида мамлакат ХЖС юрисдикциясидан чиқмаслиги ҳақида хабар пайдо бўлди ва президентнинг аввалги баёноти “хато изоҳ” деб айтилди.