Бизнес-омбудсман булунғурлик фермернинг бузилган ҳуқуқларини тиклади
Президентимизнинг 2019 йил 13 августдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги фармони билан маҳаллий ҳокимият ва бошқа ваколатли давлат органлари раҳбарлари Конституциянинг хусусий мулк дахлсизлиги, иқтисодий фаолият ва тадбиркорлик эркинлигини таъминлаш, тажовузлардан ҳимоя қилиш, хусусий мулкни сақлаш ва янада кўпайтириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш тўғрисидаги нормаларини сўзсиз ижро этиш ва уларга қатъий риоя қилиш бўйича шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилди.
Эндиликда Бош прокуратура ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман):
- хусусий мулкдорларга уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда зарар етказилишига (мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ва ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка тажовуз қилиш, мулкни топширишга ёки мулк эгасини шахсий мулк ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қилиш) йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат ўрнатади;
- мансабдор шахслар томонидан суиистеъмол ва қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик юзасидан зарур чораларни кўради.
Шундан келиб чиқиб, Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилиш борасида тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Булунғур туманидаги “Дониёр-Т” фермер хўжалигининг хўжаликка тегишли ер майдонлари туман ҳокимининг қарори асосида олиб қўйилган бўлса-да, ушбу ер майдонида хўжалик томонидан узоқ йиллар давомида яратилган боғ ва узумзорлар учун моддий зарар тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида туман ҳокимининг қарори асосида фермер хўжалигига ажратилган ер майдони туман захира ерлари ҳисобига қайтариб олинганлиги ва ушбу ер майдони сув омбори қуриш учун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига қарашли “Самарқанд сув қурилиш инвест” давлат унитар корхонасига ажратиб берилганлиги маълум бўлди. Шу билан бирга, баҳоловчи ташкилот “Дониёр-Т” фермер хўжалигига қарашли 3300 туп ток, 312 туп олма ва 1716 туп нок дарахтларининг умумий нархини 348 756 883 сўмга баҳолаган бўлса-да, тегишли идоралар томонидан фермер хўжалигига етказилган зарар тўланмасдан келинаётганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан жорий йилнинг август ойида Булунғур тумани иқтисодий судига “Дониёр-Т” фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб даъво аризаси киритилди. Натижада “Самарқанд сув қурилиш инвест” давлат унитар корхонасидан фермер хўжалигига 348 756 883 сўм ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Жасур ТУРСУНОВ,
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи ходими.