Бу йил пахтани қандай териб оламиз?

Самарқанд вилоятида ҳудудлардаги мавжуд пахта далаларида ғўзанинг ҳолатидан келиб чиқиб, камида 75-80 фоиз пахта очилган майдонларда оммавий равишда йиғим-терим ишларига киришилади. Бу ҳақда бугун Пахтачи туманида терим мавсумига пухта тайёргарлик кўриш бўйича ташкил этилган семинарда айтилди.

Таъкидлаш лозимки, бу йил вилоят бўйича 75 минг 580 гектар майдонга чигит экилиб, ғўза белгиланган агротехник тадбирлар асосида парвариш қилинди. Мавсумда шартномавий режада белгиланган 205 минг тонна ўрнига 255 минг тонна пахта хом ашёси етиштириш учун 1958 фермер хўжаликлари ҳамда 8 та пахта-тўқимачилик кластерлари билан контрактация шартномалари тузилган.

Вилоятда 2 минг 225 та пахта йиғим-терим отрядлари ташкил этилди. Уларга теримчилар учун зарур шароитларни яратиб бериш бўйича тавсиялар берилди.

Бу йилги пахта терими фақатгина ихтиёрий тарзда амалга оширилади. Ҳосилни йиғиб-териб олишда фақат фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари ишчилари ҳамда ихтиёрий равишда қўшимча даромад топиш мақсадидаги иш билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли жалб этилади. Кўнгилли сифатида теримга жалб қилинган фуқаролар давлат томонидан ижтимоий ҳимоя қилинади.

Семинарда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари А.Нурқулов иштирок этди.