Имтиёзлардан фойдаланган аҳоли дам олиш кунларида саёҳат ва зиёрат қилмоқда
Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан беш кунлик дам олиш куни белганди. Шу муносабат билан республикамиз бўйича ички туризмни ривожлантириш учун темирйўл, автойўл ва ҳаво йўллари, меҳмонхона ва ошхоналарда чегирмалар жорий этилди.
Натижада аҳоли бу имкониятлардан фойдаланиб, саёҳатга чиқмоқда. Биз Самарқандга келган юртдошларимиз билан суҳбатлашдик.
Темур ШЕРБОЕВ, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридан:
- Оиламиз билан анчадан буён Самарқандга келишни ният қилгандик. Мана, беш кунлик дам олиш кунидан фойдаланиб, саёҳат ва зиёрат қиляпмиз. Имом Бухорий зиёратгоҳида бўлиб қайтдик. Бу ердаги қадамжолар ва табаррук жойларни кўриб, эртага саёҳатимизни Бухорда давом эттирамиз. Жиззахнинг Зоминида ҳам дам олишни кўзлаб турибмиз. Хуллас, дам олиш кунида оиламиз билан Ўзбекистонни диққатга сазовор жойларида бўлмоқчимиз.
Тўлғаной БОЙИРОВА, Қашқадарё вилояти, Қамаши туманидан:
- Кеча қариндошимизникига келинларим, набира ва чевараларим билан келдик, бугун зиёратни Хўжа Аҳрорий Валийдан бошладик. Амир Темур мақбарасини зиёрат қилиб кўнглимиз тоғдек кўтарилмоқда. Регистон майдонида ҳам бўламиз, мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасини ҳам зиёрат қилишни мақсад қилдик. Самарқандга ҳар гал келганимда бутунлай ўзгаришларни, янги иморатлар, кўчалар ва бошқа кўркам жойларни кўраман.
Арофат ВАЛИЕВА, Тошкент вилояти, Чиноз туманидан:
- Сингилларим билан эрта тонгдан Самарқанддаги тарихий обидаларни ва қадамжоларни зиёрат қилишга отландик. Имом Бухорийда қурилиш ишлари амалга оширилаётган бўлса-да, зиёратчилар учун жой ҳозирланган экан. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбара-мажмуасида бўлиб, ҳақларига дуода бўлдик. Берилган имтиёздан фойдаланиб поездда келдик. Биримиз сандиқсоз, биримиз шифокор ва яна бир синглим тадбиркорлик қилади. Насиб бўлса, бугун Самарқанд шаҳридаги барча қадамжоларга боришни ният қилдик.
Муҳаммадқодир Абдурауфов, Фарғона вилояти, Қўқон шаҳридан:
- Ўзбекистон миллий университети талабасиман. Курсдош ўртоғим Шодиёр Жозилов Иштихон туманидан. У билан янги ўқув йили бошланишида ва дам олиш кунларидан фойдаланиб Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини, қадимий обидаларини кўришга келдим. Телевизорда, интернетда кўргандан кўра ўз кўзингиз билан кўрганнинг фарқи катта, албатта. Мен бу жойларда бўлиб, ўзимга янги куч оляпман. Насиб этса, кейинги гал оила аъзоларим билан бирга келиш ниятим бор.
Ҳусан Элтоев тайёрлади.