Дарахтга урилган "Спарк" ҳайдовчиси ҳодиса жойида вафот этди

Бугун, 5 ноябрь куни соат 03:30 ларда, Тошкент шаҳар Олмазор тумани, Келес йўли кўчаси, 4А-уй қаршисида ҳайдовчи, 1991 йилда туғилган Қ.Т. “Спарк” русумли автомобиль тезлигини меъёридан оширган ҳолда ҳаракатланаётиб, бошқарувни йўқотган ва йўл четидаги дарахтга урилган.

Оқибатда “Спарк” русумли автомобиль ҳайдовчиси Қ.Т. оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, ушбу автомобиль йўловчиси 34 ёшли К.Қ. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга амал қилишларини, қоидаларни четлаб ўтиб, ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўрайди.