Давлат бюджети: унинг ижросини депутатлар қандай баҳолашди?
24 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.
Республика Молия вазири Темур Ишметовнинг таъкидлашича, жорий йилнинг январь-июнь ойлари натижаларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 6,2 фоизга ўсган. Шу вақт давомида республикамиз ЯИМ ҳажми 318,5 трлн. сўмни ташкил этиб, иқтисодий ўсиш саноат 8,5 фоизга, қурилиш 0,1 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги 1,8 фоизга ҳамда хизматларни 8,0 фоизга ўсиши билан таъминланган.
Инфляция даражаси эса йил бошидан 4,4 фоизни, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,9 фоизни ташкил этгани ҳолда, бунда озиқ-овқат маҳсулотлари йиллик инфляция кўрсаткичи 6,2 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 2,7 фоизга, хизматлар нархи ўртача 4,0 фоизга ошган.
Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 74,9 трлн. сўмни ташкил этиб, белгиланган прогноз 107,8 фоизга ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,7 трлн. сўмга кўп бўлган, харажатлари эса давлат мақсадли жамғармаларисиз 79, 3 трлн. сўм бўлиб, аниқланган режа кўрсаткичларига нисбатан 96,9 фоиз ёки ЯИМга нисбатан 24,9 фоизни ташкил этган. Шундан, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун 40,4 трлн.сўм ёки умумий харажатнинг 50,9 фоизи миқдорида маблағ сарфланган.
Халқ вакиллари 2021 йил учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан 42 435 ўринли мактабгача таълим муассасалари, 262 829 ўқувчи ўринли умумтаълим мактаблари, 13 713 ўринли тиббиёт муассасалари, 19 499 ўринли олий ўқув юрти бинолари, 4 174 ўринли талабалар турар жойларини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, 222 та объектда 3 330 километрдан ортиқ ичимлик ва оқова сув қувурларини тортиш, 187 та иншоотда қуриш ва реконструкция қилиш ишлари ҳисобига 700 дан ортиқ аҳоли пунктларида яшовчи 1 млн. 800 минг нафардан ортиқ фуқароларнинг ичимлик сув таъминоти яхшиланишига эришилишини таъкидладилар.
Шунинг баробарида, депутатлар ҳисобот даврида айрим вазирлик, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан харажатларнинг ўзлари томонидан тасдиқланган режага нисбатан кам ижро қилингани, хусусан, жорий харажатлар ва капитал қўйилмалар тўлиқ ўзлаштирилмаганига эътибор қаратиб, йил якунига қадар ушбу йўналишларда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф қилиш юзасидан соҳаларда пухта ва тизимли тадбирларни амалга оширишни таклиф этди.
Депутатлар Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси ва Сув хўжалиги вазирлигининг бюджет харажатларининг мақсадли индикаторлари синов тариқасида тадбиқ этилгани натижалари асосида “Дастурий бюджетлаштириш”ни барча вазирлик ва идораларга тадбиқ этиш лозимлигини билдирдилар.
Мажлисда депутатлар бюджет интизоми, шаффофлиги ҳамда ҳисобдорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, бюджетдан маблағ ажратишда аввало улардан кутилаётган самарадорлик ва натижадорликни ҳисобга олиш муҳимлигини таъкидлашди.
Ҳисоботни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш жараёнида сиёсий партиялар фракциялари вакиллари ўз нуқтаи назарларини баён қилиб, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, бюджет ташкилотларида молиявий интизомга амал қилиш юзасидан фикр-мулоҳаза билдирдилар.