Давлат хизматлари соҳасида нималар ўзгарди?
Республикамиздаги давлат хизматлари марказлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга “Тезкор, қулай, шаффоф хизматлар” тамойили асосида 120 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимизнинг туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига 820 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. 2018 йилда кўрсатилган хизматлар 478 тани ташкил этган бўлса, жорий йилда бу рақам 2 баробарга ортди. Кўрсатилган хизматларнинг аксарияти муҳандислик коммуникация тармоқларига уланишга рухсатнома, мактабгача таълим ташкилотларига йўлланма бериш, СТИР, электрон рақамли имзо олиш каби хизматларга тўғри келди.
Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги "Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида"ги фармони бўйича давлат хизматлари марказларига жами 90 мингга яқин аризалар келиб тушди. Улардан 42 мингга яқин фуқаронинг ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларига мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича ҳоким қарори қабул қилинди.
Тажриба тариқасида Паст Дарғом тумани давлат хизматлари марказида миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадагисига алмаштириш, туғилганлик ва ўлим ҳақидаги гувоҳномаларни, электр энергияси, табиий газ, сувни ҳисобга олиш ускунасини ўрнатишга аризалар бериш каби қўшимча 31 та хизмат тури жорий этилди.
Марказлар томонидан 2019 йилнинг ўтган даврида 23 мингдан ортиқ (7 мингдан ортиқ юридик, 16 мингга яқин якка тартибдаги ва 57 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона) тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди.
Давлат хизматлари кўрсатишда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида сентябрь ойида Нуробод тумани марказидан 130 километр олисда жойлашган Саҳоба ва Қўшработ тумани марказидан 120 километр узоқликда жойлашган Жомбулоқ маҳаллаларида давлат хизматлари марказларининг филиаллари ташкил этилди. Ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари ишлайдиган бу филиалларда ходимларимиз фуқароларга 1100 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатди.
2018 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида бошқармамиз ўтказган ўрганишлар натижасида давлат хизматлари кўрсатувчи ваколатли орган ва бошқа ташкилотлар томонидан 30 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланиб, 400 га яқин раҳбар ва масъул ходимлар маъмурий жавобгарликка тортилди. Киритилган 124 та тақдимнома натижасида 103 ходим интизомий жавобгарликка тортилган, 17 нафари ишдан озод этилган ва 224 нафарига огоҳномалар берилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 майдаги қарорида марказлар учун давлат хусусий шериклик шартлари асосида замонавий бинолар қуриш ва зарурий воситалар билан таъминлаш белгиланган. Қарор ижроси юзасидан вилоятимизда Нуробод ва Пахтачи туманлари учун замонавий бино фойдаланишга топширилди. Булунғур, Ургут, Жомбой ва Самарқанд туманларида ҳам марказлар қурилиши жадал давом этмоқда.
Фахриддин ҚЎЛДОШЕВ,
давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари.