Энди ҳар бир туман ва шаҳарнинг ўз футбол жамоаси бўлади

Юртимизда оммавий футболни ривожлантириш мақсадида хайрли ишга қўл урилди. Эндиликда миллионлар ўйинига бефарқ бўлмаган ҳар бир юртдошимиз ўз тумани ёки шаҳрида ташкил этилган жамоага мухлислик қилиши мумкин.

- Жорий йилнинг 21 май куни Ўзбекистон футбол ассосциацияси президенти иштирокида ўтган йиғилишда ҳудудий футбол ассоциациялари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор ўзгаришларга қўл урилган эди, - дейди ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев. – Мамлакатимизнинг ҳар бир туман ёки шаҳарларида камида биттадан футбол жамоаси ташкил этилади. Бу лойиҳани амалга оширишга бир йил давомида тайёргарлик кўриб келганмиз. Ҳозирда ҳар бир ҳудудий футбол ассоциацияси президенти вилоят ҳокими бўлишига қарамасдан, кўп ҳолларда ассоциациялар эътиборсиз ва маблағсиз қолдирилган. Энди бунга йўл қўйилмайди. Ҳар бир туман ёки шаҳарнинг 2-лигада иштирок этувчи камида битта футбол жамоаси ҳамда ўз майдони бўлади. Қуйи лигалар савиясини кўтариш орқали 1-лига ҳамда Про-лига турнирларининг ҳам аҳволи яхшиланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ махсус комиссия футбол учрашувларини жорий йилнинг 5 июнидан давом эттиришга рухсат берилгани ҳақида хабар қилинганди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.