Эркинжон Турдимов: Қурилишда сифат назоратини кучайтириш керак, энг катта коррупция ҳам қурилиш соҳасида
Халқ депутатлари вилояти Кенгаши сессиясида вилоят прокурори Ж.Ҳотамов ўз ҳисоботида қурилиш соҳаси назоратига оид бир қатор маълумотларни келтириб ўтди.
Маълум қилинишича, вилоят бўйича тендер савдоларига эълонга берилган 81 та объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ўрганилганда, дастурга киритилган 40 та умумтаълим мактабларининг лойиҳа-смета ҳужжатларидан 211 млн. 779 минг сўм, 20 та мактабгача таълим ташкилотларининг лойиҳа-смета ҳужжатларидан 126 млн. 555 минг сўм, 13 та ирригация ва мелиорация объектларидан 240 млн. 559 минг сўм, жами 578 млн. 893 минг сўм иқтисод қилинган.
Жумладан, Пайариқ туманидаги 59-сонли умумтаълим мактабини реконструкция қилиш бўйича “Сам кадастр” МЧЖ томонидан 1 млрд. 420,4 млн. сўмга ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларида ораёпма плиталар сони ошириб кўрсатилиши натижасида объект қиймати сунъий равишда 119,7 млн. сўмга ошириб кўрсатилганлиги аниқланган.
Шу каби, Ургут туманидаги 121-мактабнинг фасад қисми сувоқ ишларида 145 млн. сўм, 81-мактабда нархларни ошириб кўрсатиш орқали 47 млн. сўм ва Каттақўрғон шаҳридаги 11-мактабни реконструкция қилиш объекти сметасида материал харажатларига 206 млн. сўм ортиқча кўрсатилганлиги аниқланиб, ушбу ҳолатлар юзасидан Ургут туман ва Каттақўрғон шаҳар прокуратуралари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сессияда кенгаш қарори билан:
- соҳада назорат тадбирлари доирасида аниқланадиган қонун бузилиши ҳолатларини ва уларнинг келиб чиқишига имкон берувчи омилларни бартараф этиш чораларини кўриш;
- лойиҳаларни танлаб олиш, уларни амалга ошириш ва ишга тушириш жараёнларининг барча босқичида манфаатлар тўқнашуви юзага келишининг олдини олиш ва уни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриш;
- ҳар бир лойиҳани тизимли мониторинг қилиш, ижроси кечикаётган ва муаммоли лойиҳаларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш каби бир қатор топшириқлар берилди.
Кенгаш раиси Э.Турдимов соҳа бўйича ўз муносабатини билдириб, қурилишда сифат назоратини кучайтириш лозимлиги, энг катта коррупция ҳам қурилиш соҳасида эканини таъкидлади.