Фаол ИИБ ходимларига сертификатлар топширилди

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги қошидаги малака ошириш институти томонидан Самарқанд вилоят ИИБнинг шаҳар ва туман ички ишлар бўлимлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, профилактика инспекторларининг хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда касбий билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида 5 кунлик сайёр ўқув йиғини ўтказилди.

Шундай сайёр йиғин Ички ишлар вазирлиги Самарқанд академик лицейида ҳам юқори савияда ташкил этилди. Самарқанд шаҳар ички ишлар бўлими тингловчилари билан бирга академик лицейи педагог-ўқитувчилари ҳам ўқув йиғини машғулотларида фаол иштирок этди. Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари ҳамда вазирликнинг соҳавий хизматларидан жалб этилган тажрибали мутахассисларнинг модул тизимига асосан ташкил этилган машғулотларда жойлардаги вазиятлар таҳлили, муаммолар ечими ва камчиликларни бартараф этишга оид мавзулар инновацион педагогик технологиялар ёрдамида кенг ёритилди.

Ўқув-машғулотлар давомида жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари мисолида уларни амалиётга жорий этиш усуллари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида амалга оширилган ишлар натижалари, “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасидаги вазифалар, вояга етмаганлар ўртасида профилактика ишини ташкил этишдаги ютуқ ва муаммолар бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Сайёр ўқув йиғини якуни Самарқанд академик лицейида ташкил этилди. Унда фаол иштирок этган вилоятнинг барча туман ва шаҳар ички ишлар органлари раҳбарияти, профилактика инспекторлари ҳамда лицейимизнинг махсус фан ўқитувчи-педагогларига сертификатлар топширилди.

Юлдуз НАРЗУЛЛАЕВА,

Ички ишлар вазирлиги Самарқанд академик лицейи ўқитувчиси.