Ҳафта ўртасидан ҳаво ҳарорати пасайиб, аксарият ҳудудларда ёмғир қорга айланиши кутилмоқда

"Ўзгидромет" хабарига кўра, сешанба ва чоршанба кунлари шимолий ҳудудлардан ташқари Ўзбекистоннинг қолган ҳудудлари бўйича аксарият жойларда ёмғир ёғади. 29 ноябрда айрим жойларда шамол 15-20 м/с гача кучаяди.

Кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Ушбу кунларда ҳарорат кечаси ва кундузи 5-10 даража илиқни ташкил этади.

Ўзбекистонда қиш ўз вақтида бошланади. 1 декабрга ўтар кечаси Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қорга айланиши мумкин) бўлади. Ҳарорат кечаси 0-5 даража илиқ бўлади, кундузи 2-7 даража илиқдан ошмайди.

2 декабрда мамлакатимиз ҳудудида кам булутли ва совуқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, ҳаво ҳарорати кечаси 0-5 даража совуққача, кундузи 0-5 даража илиққача пасаяди.