«Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида кредит олиш тартибини биласизми?
2020 йил давомида юртимизда ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган фуқароларга ҳунармандчилик, касаначилик ва тадбиркорлик фаолиятининг бошқа соҳалари учун Давлат дастурлари доирасида 3 982,1 миллиард сўм имтиёзли кредитларнинг ажратилиши белгиланди.
Бунда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги ҳар бир фуқаро ўз бизнесини амалга ошириш учун бизнес лойиҳасига эга бўлиши лозим.
Бугунги кунда имтиёзли кредитларнинг 60 фоизи «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури бўйича ажратилиб келинмоқда. Дастур асосида кредит олиш учун қандай ҳужжатларни расмийлаштириш керак деган саволлар кўп кузатилмоқда. Шу боис ушбу мақолада «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури дориасида кредит олиш тартибига бир оз тўхталиб ўтмоқчимиз.
Жисмоний шахслар кредит олиш учун дастлаб тегишли банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:
- ариза;
- паспорт нусхаси;
- жисмоний шахсларга кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун бериладиган кредитлаш бўйича тавсиянома.
Бунда кичик тадбиркорлик субъектлари кредит олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- ариза;
- бизнес-режа;
- тегишли давлат солиқ инспекциясига охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (1-шакл), 90 кундан ортиқ муддатдаги қарзларга доир солиштириш далолатномалари, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-шакл), янги ташкил этилган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган деҳқон хўжаликлари бундан мустасно.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, кичик тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваридан - 1000 бараваригача миқдорда ажратилиши мумкин. Микрокредитлар эса 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилиши мумкин.
Этиборга молик жиҳати, ажратиладиган кредитлар ушбу кредит ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳанинг бизнес-режасига мувофиқ ўзини ўзи қоплаш жиҳатларидан келиб чиқиб, 2 йилгача имтиёзли давр билан 5 йил муддатгача ажратилиши назарда тутилиши мумкин. Бунда берилаётган имтиёзли давр ва кредитни қайтариш муддати батафсил асослантирилиши керак.
Агар лойиҳани амалга оширишга дастур доирасидаги ресурслар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваридан ортиқ миқдорда кредит талаб этилса, туман ва шаҳар ҳудудий марказларининг ва дастур координаторларининг тегишли хулосаси асосида ажратилиши лозим.
Кичик тадбиркорлик субъектлари кредит мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида банкка қуйидаги таъминот турларидан бирини тақдим этади:
- учинчи шахс кафиллиги;
- суғурта полислари;
- кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги;
- қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари.
Давлат дастурлари доирасида тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратилиши жараёни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан мониторинг қилиниши натижасида юзага келаётган муаммолар ҳал қилиб келинмоқда.
Жумладан, Навоий шаҳридаги “Navoiy Platinum” МЧЖ тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсадида 2019 йил май ойида Хитой Халқ Республикасидан 177,8 минг АҚШ доллари қийматидаги темир-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш ускунаси олиб келган бўлиб, мазкур ишлаб чиқариш ускунаси пулини тўлаб бериш учун “Ёшлар - келажагимиз” давлат дастури асосида имтиёзли кредит ажратилмаганлиги сабабли олиб келинган импорт ускуналарни ишлаб чиқаришга жалб қилинмасдан келинаётганлиги ҳолати бўйича вакил девони ходимларининг аралашуви билан 2019 йилнинг октябрь ойида “Ёшлар - келажагимиз жамғармаси” маблағлари ҳисобидан 1,5 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилиб берилиши таъминланди.
Бундан ташқари, Хатирчи туманидаги “Ёрматов Жўрабек” номли якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи субъект миллий ширинликлар ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича имтиёзли кредит ажратилмаётганлиги юзасидан мурожаати асосида Вакил девони ходимларининг аралашуви билан “Ёшлар - келажагимиз жамғармаси” маблағлари ҳисобидан 70 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилиб берилишига эришилди.
Шуниси муҳимки, мазкур давлат дастурларининг амалга оширилиши кичик бизнесни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда хотин-қизлар ва ёш авлод ташаббускорлигини молиявий қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши керак.
З.УРОҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони бош инспектори.