Ҳиндистоннинг 132 қишлоғида уч ойда битта ҳам қиз туғилмагач, ҳукумат жиноий иш очди

Ҳиндистон шимолидаги Уттараҳанд штатининг 132 қишлоғида уч ой ичида битта ҳам қиз туғилмаган. Энди ҳукумат бу қишлоқларда "жинс танлаш" абортлари кенг ёйилганидан шубҳа қилиб, жиноий иш очди. Бу ҳақда Minbar хабар бермоқда.

Ўтган ҳафта чоп этилган маълумотларга кўра Уттараҳанд штатининг Уттаркаши туманидаги 500 қишлоқда 947 бола туғилган. Шуларнинг ичидаги 132 қишлоқда уч ой ичида туғилган 200 гўдакнинг ҳаммаси ўғил бола. Лекин айни маълумотларга кўра бу туманда қизлар (479) ўғил болаларга қараганда (468) кўпроқ туғилган.

Расмийлар бу қишлоқларда ота-оналар скрининг орқали ҳомила жинсини билиши биланоқ қиз ҳомилаларни дарҳол аборт қилишади деган гумонда.

"Уч ойда шунча қишлоқда битта ҳам қиз туғилмаслиги имконсиздир. Демак, бу ерда ноқонуний аборт қилиш авжига чиққан", – деб ҳисоблайди аёл ҳуқуқларининг фаоли Ниведита Менон.

Қиз ҳомилаларни олиб ташлаш Ҳиндистонда энг катта муаммолардан бири ҳисобланади. УТТ ва скрининг хизматлари 1980 йилларда Ҳиндистонда кенг тарқалгач, қиз ҳомилани олиб ташлаш ҳоллари кўпайган.

• Ҳиндистонда қиз ҳомиласини олдириб ташлаш қонунан 1994 йилдаёқ тақиқланган бўлса ҳам, бу амалиёт ҳамон давом этмоқда.

• 2011 йилда Британиянинг The Lancet тиббий журнали ўттиз йилда Ҳиндистонда 12 миллион қиз ҳомила аборт қилинганини ҳисоблаб чиққан.

• Ҳозир Ҳиндистонда қизлар танқислиги кузатилмоқда, ҳар 1000 эркакка 943 аёл тўғри келади.

• Қиз ҳомилани олиб ташлаш жамиятдаги ҳукмрон қадриятлар билан боғлиқ. Ота-оналар одатда ўғил фарзанд хоҳлайди, чунки ҳиндуизмда ўғил ота-она ўлими билан боғлиқ маросимларга бош-қош бўлиши керак. Шунингдек, қизни узатаётганда бериладиган сеп ҳам кўпчиликни қиз фарзандли бўлишдан қўрқитиб қўйган.