Икки машҳур фирибгар

Фирибгарлар доимо бўлган. Ҳатто энг қадимги Миср папируслари ҳам улар ҳақида гапиради. Товламачилар бизнинг давримизда ҳам кўп. Инсоният учун бирор бир яхши иш қилмасдан, ўзларининг махсус истеъдоди туфайли тарихда из қолдирганлари ҳам йўқ эмас. Ажабланарлиси, йирик қаллоблик ҳаракатлар содир қилиши учун уларга ҳар доим ўта ишонувчан одамлар йўлиққан.

Жаҳон қадриятлари сотувчиси

Йигирманчи асрнинг энг машҳур фирибгарларидан бири шотландиялик Артур Фергюсон эди. Ёшлигида у театр актёри бўлишга ҳаракат қилди. Гарчи актёрлик маҳоратига эга бўлса-да, Лондон театрларининг ҳеч бири уни қабул қилмади. У эса буни амалда исботлашга қарор қилди. Қарзга ботган Фергюсон Трафалгар майдони бўйлаб маъюс кезиб юрганди. Кутилмаганда у Нельсон устунига ҳайрат билан қараб, баланд овозда гапираётган, Айовадаги ранчосида худди шундай устун бўлишини орзу қилган бадавлат америкалик сайёҳ эр-хотинга дуч келди.

Улар гапини эшитган Фергюсон дадиллик билан жуфтликка яқинлашди ва ўзини давлат мулкини сотиш бўйича ҳукумат агенти сифатида таништирди. "Буюк Британиянинг катта давлат қарзи бор ва ҳукуматимиз ҳеч бўлмаганда қарзнинг бир қисмини тўлаш учун ушбу устунни сотишга қарор қилди", деди у америкаликларга. Артур устунни ўша йиллар учун жуда кўп - олти минг фунтга баҳолади, эр-хотин эса дарҳол уни сотиб олиш истагини билдирди. Харидга қўшиб бронзадан қуйилган тўртта шер ва машҳур адмирал ҳайкали ҳам совға қилиниши айтилди.

Муваффақиятли битимдан хурсанд, бозори чопган фирибгар кейинги икки ой ичида бошқа бир америкалик сайёҳларга Биг Бен ва Букингем саройини икки марта сотишга муваффақ бўлди. Ушбу машҳур тарихий объектлар жуда қиммат бўлганлиги сабабли, Фергюсон улар бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилишини эълон қилди. Шундан сўнг “актёр” шунга ўхшаш спектаклларни Америкада “саҳналаштириш”га қарор қилди. Океанни кесиб ўтиб, у америкалик фермерга Оқ уйни 100 минг долларга ижарага беришга муваффақ бўлди. Кейин Озодлик ҳайкалини сотиб юборди.

Бундай муваффақиятли молиявий операциялардан сўнг мазахўр Фергюсон ўзини тўхтата олмади ва ҳалокатли хатога йўл қўйди. У Озодлик ҳайкалини яна бир марта Австралиядан келган бадавлат кампирга сотди. Битим давомида тадбиркор хоним у билан эсдалик сифатида суратга тушишни хоҳлаганди, шубҳа туғдирмаслик учун у рози бўлди. Икки соатча вақт ўтиб аёл ўйланиб қолди ва маслаҳат сўраш учун полицияга мурожаат қилди.

Натижада Фергюсон панжара ортига тушиб қолди. Америка Фемидаси унга ҳайратланарли даражада инсонпарварлик даражада муносабатда бўлди, қамоқда беш йил ўтирганидан сўнг, Артур Лос-Анжелес шаҳрида жойлашиб олди. У ерда бир нечта шунга ўхшаш спектаклларни саҳналаштиришга муваффақ бўлди, чунки истеъдоди жўшиб туриб, амалга ошишини талаб қиларди. Лекин аллақачон жуда кўп пулга эга бўлган Артур тез орада тинчланди ва 1939 йилда бахтли инсон сифатида вафот этди.

Бутун Германияни кулдирган Кёпениклик “капитан”

Бу фирибгар Кёпениклик "капитан" сифатида бутун Германия бўйлаб машҳур бўлди.
Этикдўз Вилгельм Войгт тўрт марта ўғирлик ва икки марта қалбаки ҳужжат ясаши учун қамоққа тушишга муваффақ бўлди. Охири, у ссуда кассасини ўмаргани учун 15 йил олди.

Қамоқхонадан чиққач, у шаҳар бошқармаси биносини эгаллаб олишга қарор қилди; бунинг учун эски кийимлар сотувчисидан ишлатилган капитан формасини харид қилди. Уни кийиб олиб, кўчада кетаётган бир отряд аскарни тўхтатди ва уларга Кёпеник томон, шаҳар ҳокимиятигача эргашишни буюрди. У ерда у маҳаллий жандармларга шаҳар ҳокимияти атрофида сукунат сақлаб, тартиб сақлашни буюрди. Ўзи эса аскарларнинг бир қисми билан шаҳар мерияси бургомстри ва бош кассирни ҳибсга олди, шаҳар кассасини реквизиция (мол-мулкни мажбурий равишда давлат ихтиёрига олиш) қилди.

Аскарларга шаҳар ҳокимиятини яна бир муддат қўриқлашни буюриб, хотиржамгина станцияга борди ва Берлинга жўнаб кетди. Фойгт 10 кундан кейин собиқ камерадошининг берган хабари ортидан қаҳвахонада нонушта қилаётиб, ҳибсга олинди. Суд уни тўрт йилга озодликдан маҳрум қилди. Газеталар бу фирибгарлик ҳақида гапирганда, бутун Германия қаҳқаҳлаб кулди. Германия императори Кайзер Вилгельм II бу ҳақда зудлик билан телеграф орқали маълумот беришни талаб қилди. Иш тафсилотлари билан танишиб чиқиб, кулиб, у шундай деди: “Мана буни интизом деса бўлади. Дунёнинг ҳеч бир халқи биз билан тенглаша олмайди!” Кайзер шахсий ҳужжатлар тўпламида Кёпениклик "капитан"ни "қойилмақом одам" деб тавсифлаб, уни афв этди ва озод қилишни буюрди.

Энди Войгт машҳурлик орқасидан бойий бошлади. Бутун Германия бўйлаб саёҳат қилиб, у қовоқхоналар ва цирк ареналарида чиқиш қилди, ўзининг автографли фотосуратларини сотди, кейин эса "Қандай қилиб Кёпениклик "капитан" бўлиб қолдим" хотиралар китобини нашр этди. Қашшоқлик билан хайрлашиб, Люксембургга кўчиб ўтди, у ердан уй сотиб олди, уйланди ва ўша йиллардаги кам сонли автомобиль эгаларининг бирига айланди.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.