Импорт бошқа давлат иқтисодиёти учун ишлаяпти. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни эса пайсалга соляпмиз

“Экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юқори қўшилган қиймат яратишга йўналтирилган саноат сиёсатини юритишимиз зарур. Мавжуд хомашё ва имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш ва кўламини кескин кенгайтириш ушбу саноат сиёсатининг негизи бўлиши керак».

Президентимизнинг 17 сентябрь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида бежизга бу фикрни келтирмади. Чунки ҳар қандай импорт бошқа давлат иқтисодиёти ривожи учун ишлайди. Агар замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилган материаллар иқтисодиётимиз ривожланиши учун ишласа, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни импорт қилиш иқтисодиётимиз учун йўқотиш бўлмайди.

Рақамларга қарайдиган бўлсак, вилоятда импорт ҳажми ўтган йилнинг 8 ойига нисбатан 18 фоизга (675,1 миллион долларга) ошиб, 877,5 миллион долларни ташкил этмоқда. Импорт таркиби таҳлил қилинганда технологик асбоб-ускуналар 11 фоизга, металл ва ундан тайёрланган буюмлар 2,5 баробарга, пластмасса ва ундан тайёрланган буюмлар 45,6 фоизга, фармацевтика маҳсулотлари импорти 30,1 фоизга ўсган. Ушбу турдаги маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш нечоғли муҳимлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Келинг, кундалик истеъмолимизда ишлатиладиган ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ва унинг импортини таҳлил қилсак. Вилоятимизда 16 та ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчи корхона тўлиқ қувватда ишламасдан уларнинг ишчилари йилнинг катта қисмини меҳнат ҳақи тўланмасдан таътилга чиқарилади. Ваҳоланки, вилоятимизда хомашё ҳам ишчи кучи ҳам етарли. Маҳсулотга талаб юқори бўлганлиги учун тадбиркорларимиз шу йилнинг 8 ойида 12 минг тоннадан ортиқ кунгабоқар, соя, пальма, пахта ва кокос ёғи ҳамда қарийб 900 тонна маргарин маҳсулотини умумий қиймати 9,9 миллион АҚШ долларига импорт қилган. Бу импорт операциялари билан тадбиркорларимиз қанчалик қийинчилик билан экспортдан топилаётган валютамизни Россия, Қозоғистон, Украина, Малайзия, Беларусь ва Туркманистон иқтисодиётига йўналтирган.

Яна бир бошқа муаммо - вилоятимизга четдан олиб келинган технологик асбоб-ускуналарнинг тўлиғича ишга туширилмаганлиги. Самарқанд шаҳридаги “GLOVEX MEDICAL” масъулияти чекланган жамияти ва “SAM OSIYO MEBEL” хусусий корхонаси арзон хомашё, “GLASS MIR” ва “EXPORT IMPORTR GARANT, Қўшработ туманидаги “АТЛАС МРАМОР”,  Самарқанд туманидаги “OLOV TULPOR”, Ургут туманидаги “GULBARG” масъулияти чеклангна жамиятлари айланма маблағлар муаммоларини еча олмаганлиги сабабли фаолият юритишмаяпти. Ажратилган валюта маблағларидан кутилган натижа йўқ - яратилган иш ўринлари бўш, бозорбоп маҳсулот ишлаб чиқарилмаган, ижтимоий лойиҳалар манбаи бўлган бюджетга тушум йўқ, булардан ташқари, ишламай турган қурилманинг тез эскириш хавфи ҳам бор.

Вилоят ҳокимлиги селектор йиғилишида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, маҳаллийлаштириш ва мавжуд кооперация алоқалари доирасида ишлаб чиқарилаётган ва импорт ўрнини босувчи хомашё, қўшимча қисмлар, бутловчи буюмлар ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, бу йўналишдаги корхоналар қувватларидан тўлиқ фойдаланиш чораларини белгилаб олди.

Республикамизга импорт қилинаётган маҳсулотларни маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқариш, вилоятимиздаги йирик ва ўрта ишлаб чиқариш корхоналарининг кичик бизнес билан хомашё, қўшимча қисм ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш бўйича алоқаларни ўрнатиш ва кенгайтириш лозим. Импорт қилинган технологик асбоб-ускуналарни муддатида ишга тушириш, уларда импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлаш бугунги куннинг талабидир.

Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ишбилармонларимиздан юртимизда тадбиркорликка яратилган имкониятдан фойдаланиб, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперацияни кенгайтириш орқали юртимиз иқтисодиётини юксалтиришда ҳисса қўшишларини истаймиз.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги.