Индонезия Президенти жаноб Сухарто ташрифи
*Самарқанд: 1991-2021
(“Зарафшон” газетаси, 1995 йил, 11 апрель, 32-сон)
Азим ва навқирон Самарқанд шаҳрига Индонезия Республикаси Президенти Сухарто жаноблари рафиқаси билан ташриф буюрди.
Олий даражали меҳмонларни аэропортда вилоят ҳокими П.Абдураҳмонов рафиқаси билан, ҳоким ўринбосари А.Худойқулов, Самарқанд шаҳар ҳокими А.Носиров ва бошқа расмий кишилар кутиб олдилар.
Жаноб Сухарто бошлиқ индонезиялик делегация аъзоларига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Муталов, Ташқи ишлар вазири А.Комилов ҳамроҳлик қилди.
Индонезия Президенти ва делегация аъзолари дастлаб Хўжа Исмоил Бухорий масжидини зиёрат қилишди. Табаррук масканда қуръон тиловат қилиниб, намоз ўқилди.
Жаноб Сухартонинг дастлаб Имом Бухорий масжидини зиёрат қилиши бежиз эмас. Зеро, Индонезия халқининг 90 фоизи мусулмон бўлиб, табаррук зот Хўжа Исмоил Бухорий номи уларда чуқур ҳурмат билан тилга олинади. Жаноб Сухарто ўзи қадам ранжида қилган ушбу масжидга 300 дона Қуръон китобини тақдим қилди.
Олий мартабали меҳмонни вилоят ҳокими П.Абдураҳмонов қабул қилди.
Тушки зиёфат ва ҳордиқдан сўнг делегация аъзолари Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларни томоша қилдилар. Амир Темур мақбараси, Регистон мадрасаси, Шоҳи Зинда ансамбли ва Улуғбек расадхонаси меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди.
Делегация аъзолари шу куни Тошкентга жўнаб кетдилар.