Иқтисодий зона иштирокчиси бўлиш учун нима қилиш керак?

Махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси бўлиши учун нима қилиш керак ва махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиларига қандай солиқ имтиёзлари берилади?

Хуршид ХАЛИЛОВ,
Булунғур тумани.

- “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 29-моддасига мувофиқ, инвесторлар инвестиция лойиҳасини амалга ошириш юзасидан маъмурий кенгаш қарорини олганидан кейин беш иш куни ичида махсус иқтисодий зона жойлашган жойдаги рўйхатдан ўтказувчи органга ўзи ташкил этаётган тадбиркорлик субъектини юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш учун ёки инвестор томонидан илгари ташкил этилган тадбиркорлик субъектини қайта рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этади.
Юридик шахс инвестиция битими имзоланганидан ва махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритилганидан кейин махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини олади.
Шунингдек, Солиқ кодексининг 473-моддасига асосан, махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига киритилган инвестициялар ҳажмига қараб, мол-мулк солиғидан, ер солиғидан ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланган муддатга озод қилиш тарзида солиқ имтиёзлари берилади.

Саволга Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ходими Орзужон Насимов жавоб берди.