Иштихонда ўқувчи калтаклангани ҳолати вилоят прокуратураси назоратига олинди
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Иштихон туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Сухроб Қ.ни мактаб директори ўринбосари калтаклагани ва иккинчи қаватдан отиб юборгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу ҳолат бўйича айни пайтда текшириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.
Аниқланишича, 2019 йил 28 декабрь куни соат 13:00 ларда вояга етмаган Сухроб Қ. туман тиббиёт бирлашмасининг қабул бўлимига ёпиқ КЦТ, бош мия чайқалиши, ўнг билак суякларининг дистал охиридан ёпиқ синиб силжиши, чап чакка, чап ёноқ ва чап кўз атрофи юмшоқ тўқимасининг лати каби тан жароҳатлари билан келган.
Шифокорлар томонидан беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, касаллик тарихи юритилиб, шифохонага ётқизилган.
2020 йил 3 январь куни вояга етмаган Сухроб Қ.нинг отаси Иштихон тумани ИИБ бошлиғи номига фарзандининг тан жароҳати олганлиги холати юзасидан ариза билан мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Иштихон тумани ИИБ томонидан терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Текшириш ҳаракатлари олиб борилиши Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.