Истеъмолчиларга суюлтирилган газ баллонларини етказиб беришда сусткашликка йўл қўйган “Қўшработ тумангаз” филиали бошлиғига ҳайфсан берилди
Жорий йилнинг 11 июнь куни Zarnews.uz телеграм каналида Қўшработ туманидаги Қоратош маҳалласи, Шўрча қишлоғи аҳолиси номидан Неъматилла Матаевнинг суюлтирилган газ муаммоси бўйича мурожаати эълон қилинди. Унда мурожаатчи 55 кундан буён газ баллонлари алмаштирилмаётганлигидан шикоят қилар экан, “Ҳудудгаз”нинг туман филиалига мурожаатларидан натижа бўлмаганлигини таъкидлаган.
Мазкур мурожаат юзасидан “Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ маъмурияти томонидан хизмат текшируви ўтказилганда, ҳақиқатдан ҳудудда аҳолини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш белгиланган муддатдан кечикканлиги аниқланди ва эртасига шўрчаликлар суюлтирилган газ тўлдирилган баллонлар билан таъминланди. Газ баллонларини алмаштириш вақт оралиғи 45-50 кунни ташкил этиб, коронавирус падемияси сабаб, аҳолидан йиғилган ва тарқатиладиган газ баллонларининг дезинфекция қилиниши эвазига кечикканлиги маҳаллада яшовчи истеъмолчиларга тушунтирилди.
Ҳудудда аҳолига суюлтирилган газ баллонларини график асосида ўз вақтида етказиб бермаганлиги, шунингдек, хизмат вазифаси юзасидан суюлтирилган газ баллонларини ўз вақтида истеъмолчиларга етказиб бериш устидан назорат ўрнатмаганлиги учун “Қўшработ тумангаз” филиали бошлиғи Усан Қувватовга интизомий жазо қўлланилиб “ҳайфсан” эълон қилинди.
“Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ матбуот хизмати.