Жиловланмаган жаҳл жиноятга етаклади
Замонамизнинг тинчлиги, осойишталиги - фарзандларимиз иқболи. Аммо ана шу неъматнинг қадрига етмай, фарзандлари истиқболини ўз қўли билан пароканда қилаётган кимсаларнинг қилмишини тўқликка шўхликдан ўзга нарса, деб бўлмайди.
Бахриддин Сабиров амакиваччаси Хайриддин Сабировнинг ити тишлаб олганидан аламзада бўлиб юрганди. Ўша куни ишдан қайтишида Хайриддиннинг эшик ёнида турганини кўриб, ғаши келди. Боплаб таъзирини бермоқчи бўлиб машинасидан тушди-ю, амакиваччасига ташланди. «Итингни боғлаб қўйсанг ўласанми?!».
Бир инсоннинг ҳаётдан бевақт кетиши-ю бошқасининг узоқ муддатга озодликдан маҳрум бўлишига сабаб бўлган ҳолат шугина эди. Жуда оддий, тўғрими? Аммо баъзида мана шундай оддий туюлган ҳодисалар жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Икки қариндошнинг ўзаро жанжаллашаётганини кўриб, наҳот, ҳеч ким «Қўйинглар, уят бўлади-я», демаган бўлса, деб ўйлаётган бўлишингиз мумкин. Ўтган-кетганлар орасида аралашганлар, бош силкиб, “аттанг” деганлар ҳам бўлди. Ҳатто Бахриддин Сабиров амакиваччаларни ажратмоқчи бўлганларнинг биридан ахлоқсиз сўзлари учун яхшигина калтак ҳам еди. Аммо бу уни ҳушёр торттириш ўрнига баттар жазавага солди.
«Сени ўлдираман! Қўлимдан соғ чиқиб бўпсан!». Етти осмонни ларзага солгандир бу ҳайқириқ. У ниятини тилига чиқарди, ният эса мустажоб бўлишга ҳозир эди.
Йўл бўйида қўшниларининг ур-тўполон қилаётганларини кўриб, тўхтамасликнинг иложини қилолмаган Аъзамжон Отамирзаев ҳам ишдан қайтаётган эди.
– Ахир уят эмасми? Қилаётган ишингизни қаранг! Фарзандларимизнинг олдида шу иш ярашадими?!
Бахриддин Сабиров айни дам насиҳат эшитадиган аҳволда эмасди. Аксинча, уни тартибга чақиришгани сари у баттар ғазабланарди. Бу вақтда Бахриддин уйидан пичоқ олиб чиқиб, уни калтаклаган қўшниси Ихтиёр Маликовга ёпишиб кетди. Воқеалар бундай тус олишини кутмаган Аъзамжон Отамирзаев шошиб қолди. «Ахир уни ўлдириб қўйиши мумкин-ку», дея орага тушди. Ихтиёр Маликов жон талвасасида қочиб қолди-ю ҳавода ёвузлик билан “қақшаниб” турган пичоқ ортига қайтмади. У Аъзамжон Отамирзаевнинг нақ бўйнига келиб санчилди.
Бахриддиннинг юз-кўзига сачраган қип-қизил қон юқи бирдан уни ҳушёр торттирди. Гўё қонни кўриб, важоҳати, ғазабини унутиб, ортига тисарилди. Биров «Тез ёрдам» чақирган, биров Аъзамжоннинг тепасига югурган, биров уйига чопган... Хуллас, ит эгасини танимайди. Дарвоқе, ҳаммаси ит тишлаганидан бошланган эди.
Жиноят содир этилган пайтда Бахриддин Сабиров спиртли ичимлик ичганди. Аммо бу унинг қилмишини енгиллаштирмайди.
Аъзамжон Отамирзаевнинг бўйнидан отилаётган қонни кўрган Бахриддин шок ҳолатига тушиб қолганди. Айни дамда ҳеч ким унга эътибор бермас, ҳеч кимнинг у билан иши йўқ эди.
Бахриддин Сабиров амакиваччасига аччиқ қилиб, «Бир адабини бериб қўймасамми...», деган гапи учун қаттиқ пушаймон бўлди. Лекин энди барини ортга қайтариб бўлармиди?! Биргина ёмон ният, шум қараш туфайли бир инсон ҳаётдан бевақт кўз юмди. Кимдир бир умрга боқувчиси, суянгани, ишонганидан айрилди, кимдирнинг эса отаси учун боши эгилди.
Қилғиликни қилиб қўйиб, бугун ўз ёғида қоврилаётган Бахриддин Сабиров умрининг 18 йил 6 ойини темир панжара ортида ўтказишга маҳкум этилди.
1981 йилда туғилган, тўрт нафар фарзанднинг отаси, шу ёшгача ҳалол ризқ билан оила боқиб келаётган Бахриддин Сабировнинг аламзадалиги яхши бир инсон, оилабоши, худди ўзи каби тўрт нафар фарзанди бор ёшгина қўшнисининг бевақт ўлимига сабаб бўлди.
Яхши-ёмондан ҳикмат излаймиз. Бу хунук воқеа ҳам кимнингдир ҳаётида яхшилик сари бурилиш ясаса, муддаога етганимиз - шу. Илло, бундай савдо ҳеч бир замондошимизнинг бошига тушмасин!
Акрамжон АРИПОВ,Ўзбекистон Республикаси Олий суди катта консультанти.