Жўш ота маҳалласи хотин-қизлар фаоли: Ёлғон ишлатиб бўлса ҳам оилаларни сақлаб қолганман
Маҳаллаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар фаолига хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини камайтириш, ажримларнинг олдини олиш ва уларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиш вазифаси топширилган. Хўш, улар шуни эплаяптими?
Масалан, Қўшработ тумани Жўш ота маҳалласидаги хотин-қизлар фаоли қандай ишларни бажаряпти?
– Маҳалламизда 4300 нафар аҳоли яшайди, шундан 2100 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади, - дейди Гулноза Асадова. - Уларнинг муаммоларига ечим топиш мақсадида маҳалла фаоллари ҳамда оқила аёллар, отинойи ва нуронийлар ҳамкорлиги йўлга қўйилган бўлиб, кейинги икки йилда маҳаллада тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги хотин-қизларга 1 миллиард 300 миллион сўм имтиёзли кредит берилди, 170 нафарининг бандлиги таъминланди, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар ва уларнинг оилаларига турли ёрдамлар кўрсатилди ва ажрим ёқасидаги ўнлаб оилалар яраштирилди.
Тўғриси, фаолиятим давомида намунали, муаммоси кўп ёки ажрим ёқасидаги оилалар билан ишлашга тўғри келади. Бундай вазиятда хотин-қизлар фаолидан ижодкорлик ва маҳорат ҳам талаб этилар экан. Аслида одамларнинг ёмони йўқ, фақат уларга ҳамма нарсани тўғри тушунтириш керак. Масалан, маҳаллада қайнона ва келин муносабати жуда нозик масала. Яқинда ана шундай ўзаро келишмай қолган қайнона ва келинни деб бир оила ажрашишгача борди. Мен қайнона ва келин билан алоҳида суҳбатлашиб, улардан бир-бирининг фақат яхши хислатлари ҳақида сўрадим ва телефонга ёзиб олдим. Кейин ким ёмонласа, уларнинг яхши гапларини ўзига қўйиб бердим. Сиз қайнонангиз ёки келингиз ҳақида салбий фикрда, у эса акси, дея ёлғон ишлатиб бўлса ҳам бу оилани сақлаб қолдим.
Гулноза Асадованинг таъкидлашича, жорий йилги хатлов натижасида маҳаллада 92 нафар хотин-қиз ижтимоий дафтарларга киритилган бўлиб, уларнинг 41 нафари ишсиз, 7 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида, 28 нафари боқувчисини йўқотган ва 16 нафари ногирон хотин-қизлардир. Айни пайтда 5 нафар тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган хотин-қизга 45 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилган бўлса, 15 нафари мономарказда қандолатчилик йўналишида касб-ҳунарга ўқитилмоқда.