ЖССТ раҳбари коронавирусни даволаш борасида эришилган илмий ютуқлар ҳақида маълум қилди

ЖССТ Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус, COVID-19 инфекциясини даволаш борасида “илмий силжиш” амалга оширилгани тўғрисида маълум қилди.

У Буюк Британияда коронавирус инфекциясини даволаш учун синовдан ўтказилган стероид дексаметазон воситаси натижаларига изоҳ берди.

“Бу сунъий ҳаво бериш талаб этиладиган COVID-19 инфекциясига чалинган беморларнинг ўлим ҳолатини пасайтирган дастлабки дори воситаси”, деб таъкидлади Гебрейесус ва илмий тадқиқотлар натижасини “зўр янгилик”, деди.

ЖССТ вакиллари Лондонда ўтказилган синовнинг дастлабки натижаларини тақдим этганини маълум қилди. Шу билан бирга, ташкилот мутахассислари, яқин кунларда тўлиқ таҳлил натижаларини сабрсизлик билан кутаётганликларини таъкидлади.

Оксфорд университетида ўтказилган тадқиқот, дексаметазон воситаси ўпкага сунъий ҳаво бериш ускунасига уланган беморларнинг ўлим ҳолатини 35 фоизга ва сунъий кислород бериш амалиёти қўлланилаётган беморлар ўлим ҳолатини 20 фоизга пасайтирганини кўрсатди.

Буюк Британия ҳукумати 16 июнь куни мазкур воситадан коронавирусни даволаш учун фойдаланишга рухсат берди. Дексаметазон дори воситаси 60 йилдан буён тиббий соҳада кенг қўлланиб келинади. Ундан асосан яллиғланишга қарши восита сифатида фойдаланилади.