Камбағалликдан чиқиш учун жўжа тарқатилиши шартми?

Zarnews.uz сайтидаги “Ўлмас овқат”: 50 та товуқ боқиб, камбағалликдан чиқиш мумкинми?” сарлавҳали мақолани ўқигач, ҳаётимдаги айрим воқеалар ёдимга тушди.

Оилада 9 фарзандмиз. Энг кичкина укам туғилганида (1995 йилда) отамнинг ишлари юришмай, бошлаган тадбиркорлиги касодга учради. Асаббузарликлар билан ишсиз қолган отамнинг саломатлигига ҳам путур етди. Тўққизта ейман-чаман, деб турган болаларни оч қолдирмаслик, бировдан кам қилмаслик учун энам елиб-югурди.

У пайтларда паррандачилик билан шуғулланиш, чорвачиликни йўлга қўйиш, деган гап одамларнинг хаёлига келмасди. Балки ёш бўлганим учун бу нарсаларни тушунмагандирман.

Эсимда, кун бўйи дала ва уй ишлари, камига тўққиз боланинг ташвишларидан чарчаса-да, энам ярим кечасигача тикиш қиларди. Чопон, аёллар халати, белбоғ сингари нарсалар тикиб, ҳали тун қоронғиси аримасдан оғир сумкаларни кўтариб, бозорга ҳам бориб келарди. Бир гал “эна, менам бозорга борай”, деб ҳоли-жонига қўймаганим учун мени ҳам олиб борди. Аслида бозорга музқаймоқ ҳамда бирор тансиқ таом ейиш учун борганман. Энам ҳали у харидор олдига бориб, ҳали бу харидор олдига бориб чопонлардан олишини сўрарди. Аксига олиб, чопонлар билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Чарчаганимдан, “эна, кетайлик, музқаймоқ ҳам, сомса ҳам емайман”, дедим йиғлагудай бўлиб...

Бир гал катта акам ўқишга ҳужжат топшириш учун шаҳарга боришим керак деб қолди. Фарзандини қўлига пул тутқазолмагани учун эзилган отам чой ҳам ичмай кетмонини кўтариб, далага йўл олди. Энам бир челак “чеснок” ва бир сумкага бодрингни акамнинг қўлига тутқазиб, бозорда сотиб йўл пули қилишини айтди...

Меҳмонга борган пайтларимизда энамга бобом ва бувим “Қизим, куёвим ишламаяпти бирор нарсадан қийналсанг, тортинмай айтавер”, дерди. Энам бирор марта нолимаган, “фалон нарсам етишмаяпти, йўқ”, демаган.

Айтмоқчи бўлганим, ўша пайтда бизга ҳеч ким 50 тамас, 5 дона ҳам жўжа бермаган. Отам-онам ўзлари ҳаракат қилиб, нафақат камбағалликдан чиқди, шу билан бирга болаларининг 6 нафарини ўқитиб, 3 нафарига турли касб сирларини эгаллашлари учун шароит яратиб берди.

Бугунги кунда кимгадир кредит эвазига ер берилаяпти, кимгадир тикув машинаси олиб бериляпти, яна бировларга 50 донадан бройлер жўжалари тарқатилмоқда. Албатта, бу камбағаллар турмушини фаровон қилиш, жилла қурса, турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилиши, шубҳасиз. Аммо танганинг иккинчи томони бўлганидек, бу ҳолат одамлар орасида боқимандалик кайфиятини уйғотмаяптими?

Ўтган гал қишлоққа борганимда қўшнимиз “Карантин ҳам тугамади, ишлай десам, қўлимда дипломим йўқ. Нима қилишни билмайман”, деб қолди. Ер олиб деҳқончилик қилинг, ловия, кечки картошка, сабзи экинг фойдаси яхши, деб маслаҳат берди турмуш ўртоғим. Ҳали ер олиб экин қилмасдан, хулосаси тайёр. “Эй, қўй ўзини ўзи қопламайди”, деб қўл силтади. “Бизни қишлоқларгаям жўжа тарқатишмасмикан?”.

Албатта, ҳаммада шундай фикр дейишдан йироқман. Кеча халқ депутатлари Жомбой тумани Кенгаши депутати Улуғбек Нодиров сайлов округи ҳудудида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони пойабзал таъмирлаш устахонаси очмоқчи эканлигини, унга маҳалладошлари ҳашар йўли билан устахона қуришаётганини айтди.

“Ногиронман, давлат менга пул берсин, боқсин, деб қараб турмай, оиласи фаровонлиги учун ҳаракат қилаётганлар ҳам йўқ эмас”, дейди У.Нодиров.

Лола САИДОВА.