Каттақўрғондаги абгор йўллар, каналга оқаётган оқоваларга мутасаддилар эътибор қаратиши узоқ йиллардан буён савол остида қолмоқда

Абдулла Қаҳҳор маҳалласи Каттақўрғон шаҳар Ингичка қўрғонининг жанубий – шарқ томонида жойлашган. Маҳаллада 1500 га яқин аҳоли истиқомат қилади.

Кейинги йилларда маҳалладаги асосий кўчага асфальт ётқизилиб, тунги чироқлар ўрнатилди. Маҳалла биноси таъмирланиб, кўп қаватли уйлар ёнида болалар ўйингоҳи фойдаланишга топширилди. Шунингдек, 12- ва 17-уйлар тўлиқ таъмирдан чиқарилди, 17-уйдаги 40 та хонадон камбағал ва ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга берилди.

Маҳаллада ечимини кутаётган муаммолар ҳам талайгина. Янги сув тармоғи тортилиб, кўп қаватли уйлар олдигача олиб келинди. Лекин 12-, 13-, 17- ва 20-кўп қаватли уйларга тортилмасдан чала қолиб кетди. Худди шундай аҳволни 1- ва 2-ўтар кўчаларда ҳам кўриш мумкин - янги сув тармоғи кўча бошигача олиб келингач, ишлар тўхтади.

Бундан ташқари, маҳаллада канализация тармоғи йўқ. Аслида бу муаммо мустақилликнинг дастлабки йилларида бошланган. Негаки, 1990-1995 йилларда тармоққа хизмат кўрсатиш бутунлай тўхтатилди.

Тўғри, муаммони ҳал этиш мақсадида кўп қаватли уйлар ёнида оқова сувлар учун махсус усти ёпиқ йиғинди хоналар қурилди. Аммо 1-, 11-, 13- ва 20-кўп қаватли уйлар учун бундай иншоот қурилмаганлиги сабабли оқова сувлар маҳалла ҳудудидан ўтувчи сойга ташланади. Кунлар исиса, бу ердаги қўланса ҳидга чидаб бўлмайди.

Кейинги асосий муаммо бу ҳудуддаги ички йўлларнинг аҳволи билан боғлиқ. Чунки Абдулла Қаҳҳор 1- ва 2-ўтар кўчалари тупроқ йўллар. Йилнинг ёғин-сочин вақтларида бу йўллардан юриш оғир масала. Кўча ҳисобланувчи йўллар атрофи янги қурилган уйлардан иборат.

Қизиғи шундаки, янги қурилган уйлар фойдаланишга топширилган-у табиий газ тармоғига уланмаган. Масала юзасидан туман ва вилоят ташкилотларига бир неча марта қилинган мурожаатлар натижасиз қолмоқда. Шунингдек, вақтинча ўрнатилган симёғочлар тунги чироқлар ўрнатилишини кутаётгандек таассурот уйғотади.

Дарвоқе, маҳалла ҳудудидаги учта уй, айниқса 18- ва 19-кўп қаватли уйлар авария ҳолатида. Шаҳар ҳокимлиги ушбу иморатлар масаласида бир қарорга келса яхши бўлар эди.

Э.Хушбоқов,

халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгаши депутати.