Коллеж ва техникумларга 25 августдан 25 сентябрга қадар абитуриентларнинг ҳужжатлари онлайн қабул қилинади
2020-2021 ўқув йилидан бошлаб вилоятда 37 та касб-ҳунар мактаби, 15 та коллеж ва 22 та техникум фаолият юритади.
Профессионал таълим муассасаларида эҳтиёжга асосланган кадрлар тайёрлашни ташкил этиш мақсадида, ҳудудлардаги корхона ва ташкилотларда 2022-2025 йиллар учун кадрларга бўлган эҳтиёж ўрганилди ва талабномалар таҳлил қилинди.
2020-2021 ўқув йили учун:
– 37 та касб-ҳунар мактабларига 634 та корхона ва ташкилотларга зарур бўлган 11 минг 442 та иш ўринлари учун буюртмалар асосида 51 та касб бўйича 7 минг 380 та қабул режаси;
– 5 та коллежларга 197 та корхона ва ташкилотларнинг буюртмалари асосида 24 та мутахассислик бўйича 2 минг 250 та қабул режаси;
– 22 та техникумларга 421 та корхона ва ташкилотларнинг 5 минг 210 та иш ўринларига буюртмалар асосида 96 та мутахассислик бўйича 9 минг 595 та қабул режаси шакллантирилди.
2020 йил 5 июлдан 20 июлга қадар вилоятда 37 та касб-ҳунар мактабларига умумтаълим мактабларининг 8 минг 820 нафар 9-синф битирувчилари 51 та касб бўйича ариза билан мурожаат қилишди. Касблар бўйича аризаларни таҳлил қиладиган бўлсак, энг кўп ариза “Автомобилларни таъмирлаш чилангари” йўналишига 1841 та, “Тикувчилик”ка 1528 та, “Тракторчи-машинист” касби бўйича 651 та, “Электромонтёрлик”ка 513 та, “Автомобиль двигателларини қисмларга ажратиш ва йиғиш чилангари” - 510 та, «Пайвандловчи» йўналишига эса 507 та ариза қабул қилинди.
2020-2021 ўқув йили учун коллежлар ва техникумларга жорий йилнинг 25 августидан 25 сентябрига қадар абитуриентларнинг ҳужжатларини онлайн қабул қилишни ташкил этиш белгиланди.
Шу йилнинг 20 августидан 1 октябрга қадар абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга жавоб қайтариш мақсадида мурожаатлар маркази (“Call senter”) фаолият юритади. Марказ якшанбадан ташқари ҳафтанинг ҳар куни соат 09:00 дан 18:00 гача ишлайди.
Янги тизимда ишчи кучи меҳнат бозори ўзгаришларига мослашиб кета олиш имконияти пайдо бўлади. Олдинги мавжуд тизимда, таълим олган шахснинг билим, малака, кўникмаси қайси даражада экани дипломда аниқ кўрсатилмас эди. Масалан, электромонтёр касбининг бир нечта даражалари бор, лекин умумий тарзда «электромонтёр» деб ёзилган диплом берилган. Бу эса шу дипломга эга шахснинг чет элда квалификациясига мос иш топишида қийинчиликлар келтириб чиқарган.
Бундан ташқари, энди информал таълим олган ёшларга ҳам ҳужжат бериш мумкин бўлади. Бизда кўпчилик коллежларга бориб эмас, ҳунармандга шогирд тушиб, турли касбларни эгаллашади. Масалан, сартарош ёки ошпаз бўлишни хоҳлаган ёшлар сартарошхонада касб ўрганиб, компетенцияларни баҳолаш марказларида имтиҳон топшириб, сертификат олиб ишлаши мумкин бўлади.
Азизбек Насимов,
Самарқанд вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқарма бошлиғи.