Коронавирус билан оғригандан сўнг ногирон бўлиб қолиш мумкинми?
Ушбу саволга АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева жавоб берди:
➖ Хитой олимлари биринчи бор май-июнь ойларида коронавирус касаллигидан сўнг ногиронлик белгилаш тўғрисида таклиф билан чиқишди.
Ногиронлик белгилаш тартибига келсак, кимларга ногиронлик белгиланишини аниқ билиш талаб этилади.
Белгиланган тартиб ва қоидаларга кўра, ногиронлик – агар инсон ҳаёти давомида, унинг иш фаолиятига боғлиқ ёки боғлиқ бўлмаган ҳолда, организмидаги аъзолар тикланмайдиган органик ўзгаришини келтириб чиқарувчи ўткир ёки сурункали касалликлар билан касалланишида белгиланиши мумкин.
Бунда албатта, организмдаги кузатилаётган органик ўзгаришлар бемордаги клиник белгилар билан бирга, лаборатор ва инструментал текширув усулларида ҳамда мутахассислар томонидан тасдиқланади.
Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси таркибида ташкил этилган махсус тиббий комиссия аъзолари томонидан ўрганилади ва организмда кузатилаётган касалликнинг даражасига қараб ногиронлик даражаси белгиланади.
Коронавирус касаллигига келиб тўхталадиган бўлсак, бу касалликнинг янги эканлигини унутмаслигимиз керак. Унда инсон организмига кўрсатаётган ўзгаришларини, асоратларини доимий равишда ўрганиб бориш талаб этилади.
Агар коронавирус касаллиги оқибатида инсон организмининг аъзоларида тикланмайдиган органик ўзгаришлар тасдиқланса, ногиронлик белгиланиши мумкин. Бу борада, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари тўлиқ ўрганиб бормоқда ва талаб-тартибларини ишлаб чиқмоқда.