Коронавирус мутацияга учради. Энди вакцина ёрдам берадими?

Яқинда Британияда аниқланган коронавируснинг мутациялашган тури аввалгисига нисбатан тез тарқалмоқда. Бу COVID-19 учун ишлаб чиқилган вакциналар энди фойдасиз бўлишини англатадими?

Буюк Британияда мингдан ортиқ беморларда мутант-вирус билан касалланиш ҳолатлари тасдиқланди. Шундай бўлса-да, Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Мет Хенкокнинг айтишича, бу янги турнинг аввалгисидан хавфлироқ эканлигини англатмайди. Вируснинг мутацияга учраши ноодатий ҳол эмас. Вируслар тўхтовсиз мутацияга учрайди. Лекин бу ўзгаришлар фақат минимал оқибатларга олиб келади. Шундай экан, хавотир олишга хожат йўқ. Мутация оқибатида ҳар доим ҳам вируснинг хавфлилик даражаси ошмайди. У кучсизланиши ҳам мумкин.

Бемор ўпкасида COVID-19 касаллиги юзага келишига сабаб бўлувчи SARS-CoV-2 вируси бошқа коронавирус турлари каби тахминан ҳар ойда мутацияланувчи РНК-вируслар қаторига киради.

Шунингдек, вируснинг турли вариантлари борлиги нега унинг турли минтақаларда ҳар хил интенсивликдаги инфекция тарқалиши тўлқинларига сабаб бўлиши ва ушбу вируснинг нега турли одамларда турли даражадаги оғирлик билан кечишини тушунтиради.

Буюк Британияда аниқланган вирус турида тирноқсимон ўсимталар (боғловчи оқсиллар) мутацияси юз берган. Генларнинг делецияси (хромосомаларнинг қайта тузилиши натижасида унинг баъзи қисмларининг йўқолиши) сабабли ушбу мутацияга учраган вирусда иккита аминокислота йўқ бўлади. Балки, айнан шу хусусият сабабли, коронавирус тезроқ тарқалмоқда.

Буюк Британия Ғарбий Европа мамалакатлари орасида COVID-19 га қарши оммавий эмлашни бошлаган илк давлат бўлди. Бирлашган қиролликда мутациялашган турнинг пайдо бўлиши эндиликда эмлашнинг бефойда бўлишини билдирмайди. Бугунги кунга қадар ишлаб чиқилган вакциналарнинг барчаси коронавируснинг боғловчи оқсилларини кодлайди ва ҳатто, мутант-вирус билан касалланганда ҳам беморнинг иммун тизимини ҳаракатга келтиради.

Қувонарлиси, амалдаги иммун тизимни енгиб ўта оладиган даражада протеинларни ўзгартириши учун вирус бир қатор мутациялардан ўтиши лозим. Шу ўринда, грипп вируслари тез мутация қилиши сабабли, эмлаш самарали бўлиши учун вакцина ҳар фаслнинг бошида янгиланиши кераклиги маълум.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, коронавирусга қарши вакциналарни ҳам келгусида янгилаш керак бўлади. Aммо пандемия даврида жамланган маълумотлар ва яратилган ишлаб чиқариш манбалари, шубҳасиз, кейинчалик аҳолини қиммат бўлмаган вакцина билан тез таъминлаш имконини беради.