"Ковидцентр"дан қўнғироқ қилишди....

Одатий иш кунларидан бирида иш телефоним жиринглаб қолди.

 - Алло, ассалому алайкум! Бу АОКА вилоят бошқармасими?  

- Ассалому алайкум! Ҳа, шундай...

- Менга Маннон ака Убайдуллаев керак эди (нимагадир кўпчилик фамилиямни шундай айтади).

- Ҳа, мен. Эшитаман!

- "Гелион"даги "ковидцентр"нинг главврачи Дилшод Бурхонович бўламан.

- ...Тинчликми, ака? (Қоғозга ўраб айтганда, бу гапни эшитган заҳоти кўпчиликнинг пешонасида совуқ тер ўрмалайди).

- Ҳа, тинчлик, хавотир олманг, мен бошқа масалада сиз билан маслаҳатлашмоқчи эдим?

- ... Хўш?!.

- Ҳалиги... Бизда даволанаётган касаллар китоб-газета сўраяпти. Шу масалада сизни ёрдам беради, дейишди. Ўзбекча, русча, тожикча аралаш бўлса ҳам майли.

- Худога шукр-ей! Бўлди, сизга бироздан кейин телефон қиламан.

Яхшиликка экан-ку, деб бошқармадан, биз билан битта бинода жойлашган “Зарафшон”, “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд” газеталарининг мухбирларидаги ҳар хил китобларни, ўн номга яқин газеталар тахламларини олиб бориб бердик.

Қандай яхши-а, юртдошларимиз бемор ҳолига дўхтирлардан китоб топиб беришни сўрашяпти.

Демак, бошқа муассасаларга ҳам китоб-газеталардан етказиб туриш керак экан, деган хулосага келиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Элдор Муҳаммадиев билан гаплашиб олдик.

... Бугун яна бир яхши гап эшитдим. Самарқанд шаҳрининг ўша “Гелион” дейиладиган жойидаги махсус шифохона беморларни қабул қилишни тўхтатибди. Яқин кунларда ёпиларкан.

Манноб Ибодуллаев.