Кучли таъсир этувчи дори воситалари савдоси лицензияси мавжуд дорихоналар томонидан амалга оширилади

2019 йил 1 декабрдан бошлаб кучли таъсир этувчи моддалар рўйхатига киритилган алоҳида дори воситалари буюм-миқдор жиҳатидан ҳисобга олиниши лозим ва уларнинг берилиши фақат ижтимоий дорихоналар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш фаолиятига лицензияси мавжуд бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилиши белгиланади.

2020 йил 1 январдан бошлаб дори воситалари ва тиббий буюмларнинг реализация жараёнини узлуксиз равишда видеога ёзиб олиш ва бир ой давомида видеоёзувларни сақлаш дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишдаги лицензия талаби ҳисобланади. Ушбу талабнинг бир йилда икки ва ундан ортиқ марта бузилиши лицензиянинг амал қилинишини тугатиш учун асос бўлади.

Самарқандда дорихона эгалари, хусусий клиникалар мутахассислари, тиббиёт ходимлари иштирокида «Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш» мавзусида ўтказилган йиғилишда шу каби янгиликлар хусусида маълумот берилди.

- «Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини камайтириш тўғрисида»ги Президент қарорида соҳага тегишли кўплаб ўзгаришлар мавжуд, - дейди Республика Наркотик моддаларни назорат қилиш қўмитаси вакили Б.Қаюмов. – Шу асосда  Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида» ги қарори эълон қилиниб, 78 турдаги кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхати ҳамда жиноий ҳаракатни таснифлашда ушбу моддаларнинг кўп миқдор кўрсаткичлари тасдиқланди. Бу каби янгиликлардан дорихона ходимлари ўз вақтида хабардор бўлиши фаолиятида муҳим. Ушбу қарорлардан келиб чиқадиган қатор талаблар бузилган ҳолларда жавобгарликка тортилиш билан бирга лицензияни тўхтатиб қўйишгача бўлган чоралар белгиланган.

Йиғилишда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Г.МЎМИНОВА.