Мексикада зўравонликка қарши феминистлар митингида 80 дан ортиқ одам жароҳат олди

8 март куни камситиш ва зўравонликка қарши норозилик билдирган мексикалик феминист (аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор сиёсий ва ижтимоий ҳаракат)лар аёл-полициячилар ишлайдиган бинога ўт қўйишди. Мексика пойтахти Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг маълумотига кўра, бунинг оқибатида 62 полициячи ва 19 фуқаро жароҳат олди.

Кеча, 8 март куни Мехико шаҳрида тенг ҳуқуқ ва озодлик кураши сифатида бирдамлик марши бўлиб ўтди. Пойтахт ҳукумати вандализм (ёдгорликларни ваҳшийларча вайрон қилиш)дан ҳимоялаш учун тарихий бино ва ёдгорликларни олдиндан тўсиб қўйди. Намойишчилар фикрига кўра аёлларга нисбатан зулм муаммосини борича ёритмаган журналистлар акциядан четлатилиб, уларнинг кийимларига бўёқ суртилди. Оломон ичида бўлган операторлардан бирининг камерасини синдириб, тан жароҳати ҳам етказди.

Акция шаҳар марказидаги Инқилоб майдонидан бошланган. У ерда намойишчиларнинг радикал қисми 67 метрлик Зафар аркининг лифти тўсиғини бузишди, сўнгра болға ва бўёқ билан мустақиллик майдонига - Миллий саройга йўл олишди.

Юришнинг сўнгги нуқтаси президент балкони бўлди. Радикаллар унинг остида бинонинг темир тўсиғини бузишга муваффақ бўлишди. У ерда уларни қуролсиз кордон кутиб олди. Фаоллар тўсиқ орасида турган полициячи аёлларга оловли шишалар улоқтиришди.

Статистик маълумотларга кўра, Мексикада ҳар куни 10 нафаргача аёл ўлдирилади. Миллий статистика ва география институти маълумотларига кўра 2020 йил январидан июнгача Мексикада 1844 аёл ўлдирилган. Бу вақт мобайнида мамлакат фавқулодда хизматига аёлларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ 132 110 шикоят келиб тушган. 7 866 та зўрлаш ва 21 та одам савдоси қурбонлари рўйхатига олинган. Мексикада аёлларга нисбатан жиноятларнинг 50 фоизи жазосиз қолмоқда.