Метан «заправка»ларга чекловлар ўрнатилгани боис жамоат транспорти ҳаракатдан тўхтаб қолмайдими? Чиқинди ташиш машиналари қандай ишлайди?
Бу саволларга жавоб олишдан аввал аҳолига иссиқлик етказилиши ҳақида билиб олайлик. Ахир, беш кундан буён давом этаётган совуқ ҳаво туфайли Самарқандда табиий ва суюлтирилган газ истеъмолига талаб ошди.
Айрим жойларда, жумладан, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида, Пайариқ, Иштихон, Самарқанд, Паст Дарғом туманлари газ босими пасайди.
- Табиий газ босими пасайган маҳаллаларни аниқлаб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга маиший газ баллонлари тарқатяпмиз, - дейди «Ҳудудгаз-Самарқанд» газ таъминоти корхонаси директори ўринбосари Хуршид Мейлиев. – Самарқанд шаҳридаги Хўжа Абдударун, Мўлиён, Мароқанд, Меҳнат маҳаллаларида яшовчи аҳолига 200 дан зиёд газ баллон етказиб берилди.
Магистраль газ қувурларида босимнинг камайиши сабабли вилоятдаги барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ)га қисқа муддатли чекловлар киритилган.
Хўш, метан «заправка»ларга чекловлар ўрнатилган экан, жамоат транспорти ҳаракатдан тўхтаб қолмайдими? Йўловчилар қандай қилиб ўз манзилига етиб боради? Ёнилғи бўлмаса махсус машиналар чиқинди ташишга чиқолмайди-ку?
- Қанчалик қаттиқ совуқ бўлмасин, жамоат транспортининг ҳаракатида муаммо бўлмайди, - дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Акобир Ашуров. – Йўловчилар кеча-кундуз улар хизматидан фойдаланишлари мумкин. Чунки, «Ҳудудгаз-Самарқанд» газ таъминоти корхонаси билан келишган ҳолда Самарқанд шаҳри, Пахтачи ва Ургут туманларида жамоат транспорти, яъни автобус ва микроавтобуслар учун биттадан махсус ёқилғи қуйиш шахобчалари фаолиятини давом эттирмоқда. Кунига 250 тагача автобус вилоятимиз ҳудудларига қатнамоқда.
Самарқанд шаҳрида тўпланган чиқиндиларни «Мароқанд обод» давлат унитар корхонасининг махсус машиналари ташиб чиқаради.
– Илгари 80 дан зиёд машина ёрдамида кунига 500 тоннадан зиёд чиқинди ташиган бўлсак, бугунги кунда 50 дан зиёд техникамиз ишга чиқяпти, - дейди «Мароқандобод» ДУК бошлиғи Расул Тўлқинов. - Энг катта муаммомиз ёқилғи масаласи. Айни вақтда метан газ тўлдириш шохобчасидан олишга тўғри келяпти. Бу ерда нафақат бизнинг техникалар, балки жамоат транспорти, махсус машиналар навбат кутиб турибди. Бу кўп вақт олиб, иш унумига салбий таъсир қиляпти.
«Ҳудудгаз-Самарқанд» газ таъминоти корхонасидан олинган маълумотга қараганда, бугундан бошлаб барча шаҳар ва туманларда биттадан автомобилларга сиқилган газ тўлдириш компрессор шохобчасига 2 соатдан ишлашга рухсат берилади. Унда ҳам фақат жамоат транспорти, чиқинди ташувчи техникалар ва бошқа махсус хизмат кўрсатувчи машиналарга ёқилғи берилади.
Вилоят гидрометеорология бошқармаси мутахассисларининг таъкидлашича, совуқ шу ҳафта охиригача давом этади. Бу коммунал ва аҳолига хизмат кўрсатиш соҳалари вакилларидан алоҳида масъулият талаб қилади.
Дилмурод Тўхтаев.