Москвадаги норозилик акциясида рекорд даражада намойишчи қўлга олинди

Москвада сентябрга белгиланган шаҳар думасига сайлов олдидан кузатилаётган қонунбузарликларга қарши норозилик акциясига чиққан 1373 киши қўлга олинди, деб ёзмоқда Minbar.

Оммавий акцияларда фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатадиган "Агора" гуруҳи бу рекорд кўрсаткич эканини айтмоқда. Шунингдек, кузатувчиларнинг айтишича, яқин тарихдаги ҳеч қайси норозилик акциясида ҳукумат бу қадар шиддатли зўравонлик ишлатмаган.

Москва думасига мустақил номзодлар ва уларнинг тарафдорлари 14 июлдан бери шаҳарда оммавий норозилик акцияларини ўтказиб келмоқда. Улар шаҳар думасига сайлов эркин ўтказилишини, мухолиф номзодларга ҳам унда иштирок этиш имконияти берилишини талаб қилмоқда.

• Тергов қўмитаси ушбу акциялар деб Марказий сайлов комиссияси фаолиятига халақит бериш бўйича жиноий иш очган.
• Ҳафта бошида Алексей Навалний россияликларни норозилик намойишларида қатнашишга чорлагани учун қўлга олиниб, 30 кунга қамалди. Алексей Навалний маъмурий жазосини ўтаётган ҳибсхонадан шошилинч тарзда касалхонага ўтказилди, у заҳарланган бўлиши мумкин.
• Мухолиф сиёсатчиларникида 24 июлдан бери тинтувлар ўтказилмоқда. Думага сайловда депутатликка номзод бўлиш истагидаги бир неча шахснинг уйи тинтув қилинди, уларнинг ўзлари эса сўроқ қилинди. Ҳозирча Иля Яшин, Дмитрий Гудков, Любов Собол, Юлия Галямина ва Иван Жданов каби мустақил номзодлар ҳибсга олинган, дейилади хабарда.