Навоий шаҳрида “Nexia” русумли автомобиль ёниб кетди

2019 йилнинг 26 сентябрь куни соат 12:34да Навоий шаҳри Тинчлик қўрғонининг Садриддин Айний кўчасида турган “Темир йўл транспорти бошқармаси” МЧЖга қарашли “Nexia” русумли автомобилда ёнғин бўлаётгани ҳақидаги хабар ёнғин-қутқарув хизматига келиб тушган.

Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси маълумотига кўра, хабар асосида воқеа жойига иккита ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган. Бўлинмалар чақирилган манзилга уч дақиқада етиб борган ва ёнғин соат 12:39 да қуршаб олиниб, соат 12:42 да тўлиқ бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида “Nexia” автомобили тўлиқ ёнган.

Ҳодисанинг келиб чиқиш сабаби юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилганда автомобилда ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи ёқилғи ҳидини сезиб, автомобилни йўл четида тўхтатгани ва қайтадан ўт олдирган вақтида аланга юзага келгани ҳамда ёнғин ўчириш бўлинмалари етиб келган вақтда автомобилга ўрнатилган 65 литр сиғимдаги пропан газ баллони ёнғин оқибатида ёрилгани маълум бўлган.

Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.