Нега шифокорлар оқ халат кияди?

Аслида ҳарбийлар кийими ҳам, тиббиёт ходимларининг оқ халати ҳам соҳа ходимларининг кўзимиз учун таниш бўлиб қолган иш кийимларидир. Шифокорлар,  ҳамширалар ва ҳатто санитарлар – клиника ёки шифохонанинг барча ходимлари кўпинча оқ кийимда бўлишади. Лекин ҳар доим ҳам шундай бўлган эмас.

 Хўш, нима учун бутун дунё бўйлаб тиббиёт ходимларининг 75 фоизи оқ халат кияди?

Дастлаб оқ халатлар ҳақида XIX асрнинг иккинчи ярмида гапирила бошланди. Бундан олдин шифокорларнинг стандарт формаси агар бу жиддий жарроҳлик амалиёти бўлса, бор-йўғи фартук ва қўлқопдан иборат эди. Қадим замонларда шифокорлар махсус кийимсиз ҳам бир кўришда ўз даврининг қаҳрамонлари сифатида танилган.

Биринчи бўлиб оқ халатлардан фойдаланиш зарурлиги ҳақида инглизлар гапиришди. Инглиз шифокори Жозеф Листер оқ халатнинг антисептик хусусиятлари ҳақида бутун бир назарияни ишлаб чиқди ва бу мавзу бўйича илмий тортишувларни бошлади. Бироз вақт ўтгач, бу илмий тортишувларга ҳаётнинг ўзи “аралашиб”, ўтган асрнинг бошларида, яъни 1918 йилда миллионга яқин одамнинг ҳаётида зомин бўлган испан гриппи эпидемияси даврида оқ халатлар оммавий равишда жорий этила бошланди.

Бундан ташқари, ўтган асрда оқ халатлар орқали жарроҳлар бажарган операциясида кийимидаги қоннинг бор-йўқлигига қараб уларнинг профессионаллиги баҳоланган. Бизнинг давримизда оқ халат ҳаётнинг барча соҳаларида поклик ва микроблардан холиликни талаб қиладиган кучли позицияни эгаллайди.

Яқинда шифокорлар кийими ҳақидаги баҳслар қайтадан бошланиб, Англияда оқ халатлардан воз кечишга қарор қилинди. Бироқ беморларнинг халатсиз шифокорларга эҳтиёткорлик, ишончсизлик ва ҳатто қўрқув билан бўлган муносабати туфайли бу тажриба муваффақиятсизликка учради.

Лекин нима учун халатларнинг ранги қаймоқранг, лимонранг ёки оч кўк рангда эмас, айнан оқ рангда бўлиши керак? Бу саволга ранглар фани - колориметрия озми-кўпми тушунарлироқ жавоб беради. Масалан, у ёки бу рангни кўрганингизда кайфиятингиз ўзгариши ва бу ранглар сизда ҳар хил ҳис-туйғуларни уйғотишини пайқаган бўлсангиз керак.

Колориметрияга кўра, оқ ранг одамга бирор ишга бор кучини сарфлаб  ишлашига,  очиқликка, тўлиқ фикрлашга, бирликка, покизалик ва ҳалолликка мойиллик туғдиради. Яъни, оқ халат кийган одамлар беморларга фойдали таъсир кўрсата олади, уларнинг алоҳида ишончига сазовор бўлади.

Бундан ташқари, Буюк Британия олимлари оқ халат тиббиёт ходимларининг ўз ишига концентрацияси (эътибори)ни оширишини исботлашди. Шунингдек, оқ халат кийиб у камроқ хато қилади, бу шифокор фаолиятида жуда муҳимдир.

Шундай қилиб, расмий қабул қилинган униформа шифокорга ўз ишига масъулият билан ёндашишига, бажараётган ишига диққатини яхшироқ қаратишига, камроқ хатоларга йўл қўйишига ёрдам берар экан – бу эса инсон ҳаётини сақлаб қолиш демакдир.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.