Нимстанциялар ишга тушгач, электр таъминотида барқарорлик бўлади
Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш учун вилоятимизда 825,4 мингта электр ҳисоблагич ўрнатилиши режалаштирилган.
Ҳозиргача бундай ҳисоблагичлардан 692,6 минг дона келтирилган бўлса, унинг 655,2 минг донаси ўрнатилди ва уларнинг 586,8 минг донаси биллинг тизимига уланди. Йил якунигача яна қарийб 35 минг аҳоли хонадонига шундай замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатилиши режалаштирилган. Бу ўз навбатида ҳисоб-китоблардаги қулайлик билан бирга электр энергиясини ортиқча сарфланишининг олдини олади.
Аввал хабар қилганимиздек, «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси томонидан ташкил этилган пресс-турда шу каби маълумотлар тақдим этилди.
Вилоятимизда электр энергиясида узилишларни тезкор аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида корхона диспетчерлик марказига электрон табло ўрнатилиб, махсус тизим орқали вилоятимизнинг барча ҳудудларидаги қарийб 10 минг 800 га яқин трансформаторларнинг ишлаш ҳолатини назорат қилиш жорий этилган.
- Электр энергияси таъминотида узилишларни камайтириш учун Қорасув массивида қиймати 16,3 миллиард сўмлик янги нимстанция қурилиб, биринчи босқичи йил якунигача фойдаланишга топширилади, - дейди корхона раҳбари Ғанишер Маматқулов. – Натижада Қорасув массивидаги аҳоли, ижтимоий соҳалар, тадбиркорлардан иборат 9500 истеъмолчи барқарор электр энергияси билан таъминланади. Боғимайдон, Даҳбед нимстанцияларида юклама камаяди ва 14,5 минг истеъмолчида электр таъминотининг сифати яхшиланади.
2021 йилда 15 миллиард сўм қийматдаги Номозгоҳ нимстанцияси ишга туширилгач, Самарқанд шаҳридаги 6500 истеъмолчи сифатли электр таъминотига эга бўлади. Қолаверса, Чашма, Шоҳи Зинда, Шердор, Регистон станцияларида юкламалар камайиб, 17,8 минг истеъмолчининг электр таъминотида барқарорлик таъминланади. Шунингдек, шарқий нимстанцияси ишга туширилиши билан Самарқанд шаҳридаги 8500 дан ортиқ ва Пайариқ туманидаги Ал-Бухорий нимстанциясининг ишга туширилиши натижасида бу ердаги мажмуа, меҳмонхоналар, кўп қаватли уйлар, Хартанг, Зарафшон, Чоштепа, Маниобод, Оққўрғон, Сорисув маҳаллаларидаги 10500 истеъмолчи барқарор электр энергияси билан таъминланади.
Пресс-тур давомида журналистлар Қорасув массивидаги нимстанцияда олиб борилаётган қурилиш-монтаж жараёнлари билан танишди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.