Самарқанд шаҳрида ноқонуний фаолият юритаётган “тадбиркорлар” фаолиятига чек қўйилди

Тадбиркорлар нафақат ўзининг иқтисодий аҳволини, балки мамлакат бюджетини тўлдиришда ҳам муҳим бўғин ҳисобланади. Мамлакат бюджетининг мустаҳкамлиги эса халқ фаровонлигини таъминлайди. Афсуски, ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланиб, мўмайгина даромад қилмоқчи бўлган “тадбиркорлар” учраб турибди.

Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан сентябрь-октябрь ойларида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган фуқаролар фаолиятига чек қўйилмоқда.

Жумладан, Я.Афзалий кўчаси, 29-уйда яшовчи фуқаро Д.А.нинг ҳеч қандай ҳужжатларсиз ноқонуний равишда савдо фаолияти билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Сотувда мавжуд бўлган 16 турдаги, умумий қиймати 80,9 миллион сўмлик аёллар кийимлари далилий ашё сифатида олинди.

Фуқаро З.Ғ. эса гўё шаҳар бедарвозадек, “Мусо Хонкелди савдо комплекси” МЧЖ ҳудудида ҳеч қандай ҳужжатларсиз савдо фаолияти билан шуғулланиб келган. Профилактик тадбир давомида 11 турдаги, умумий қиймати 76 миллион 565 минг сўмлик аёллар кийим-кечаклари далилий ашё сифатида олинди.

Самарқанд шаҳри Яҳё Ғуломов кўчаси, 28-уйда жойлашган савдо дўконида Вазирлар Маҳкамасининг 850-сонли қарори талаблари бузилганлиги аниқланди. Дўконда мавжуд бўлган 12 турдаги, умумий қиймати 30 миллион 76 минг сўмлик (314 қути  тамаки ва бошқа) маҳсулотлар далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Вилоятдаги ҳар бир шаҳар ва туманда солиқ органи ходимлари томонидан доимий равишда профилактик тадбирлар ўтказилиб, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида тарғибот тадбирлари давом эттирилмоқда.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.