Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Одам ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 6 йилга қамалди

Йўлларда юз бераётган автотранспорт воситаларини бошқариш билан боғлиқ кўплаб фожиа ва бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабабларидан бири - транспорт воситасини маст ҳолатда бошқариш ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилмаслиги ҳолатлари бўлиб қолмоқда.

Ш.М. ўзига тегишли бўлган “Nexia” русумли автомашинасини спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолатда Ургут тумани Қуйиқишлоқ маҳалласи ички йўлидан бошқариб келаётганида, ушбу йўлда пиёда Б.Х.ни уриб юбориб, босиб ўтиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган ва фуқарога тан жароҳати етказган. Унинг ҳаёти ва соғлиғини хавф остида қолдириб, ўзини-ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлганлигини била туриб, ёрдам бериш имкони бўлишига қарамасдан, воқеа жойидан қочиб кетган. Оқибатда Б.Х. олган тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган.

Жиноят ишлари бўйича Ургут тумани судининг 2019 йил 13 мартдаги ҳукмига кўра, Ш.М. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 117-моддаси 2-қисми ва 266-моддаси 2-қисми билан 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ва 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Мазкур жиноят иши жабрланувчининг шикояти асосида жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди кассация инстанциясида 2020 йил 24 январда кўриб чиқилиб, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини ҳуқуқий баҳолаб, қонунда ушбу ҳаракатлар учун озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кўп муддати 7 йилни ташкил қилиши ва унга қонун санкцияси доирасида жазо тайинланганлиги инобатга олинди ва суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди.