Олий маълумотсиз даҳо
Келиб чиқиши Ҳиндистоннинг чекка қишлоғидан бўлган, ҳатто расмий маълумотга эга бўлмаган бу йигит математиканинг энг мураккаб соҳаларида кўплаб кашфиётлар қилди.
Сринивас Раманужан 1887 йилда Ҳиндистонда ҳисобчи оиласида дунёга келди. Ёшлигидан математикага қизиқувчан ўсмир 14 ёшида мустақил равишда синус ва косинус формуласини очди. Кейин формула аллақачон швейцариялик олим Леонард Эйлер томонидан маълум қилинганини билиб олиб, ҳафсаласи пир бўлди. Лекин бу уни тўхтата олмади.
16 ёшида Раманужан инглиз математики Жорж Каррнинг “Соф ва амалий математиканинг бошланғич натижалари” тўпламига дуч келди. 6165 та теорема ва формуладан иборат бу китоб унинг илмий кашфиётлари учун бошланғич нуқта бўлиб, Раманужанни математика оламига таклиф қилди.
Доимий омадсизликлар
Шон-шуҳрат сари машаққатли йўлни Сринивас фақат муваффақиятсизликлар орқали босиб ўтишига тўғри келди. 1904 йилда коллежга ўқишга киришга уринишда у номатематик фанлардан қониқарсиз баҳо олгани учун стипендиясиз қолди.
Қашшоқликда қолганига қарамай, у доимий равишда кашфиётларини ёзиб борган машҳур дафтарларини яратиб, ўз ишини давом эттирди.
1910 йилда у Ҳиндистон математика жамияти котиби Рамачандра Рао билан учрашиш имконига эга бўлди. Учрашувнинг бошланиши кескин кечди, Раманужаннинг ишларига шубҳа билан қараган котиб суҳбат натижасида йигитнинг даҳолигини тан олди ва унга моддий ёрдам кўрсата бошлади. Ва уни ишга таклиф қилди.
Биринчи муваффақият
Ўзининг биринчи илмий муваффақиятига Сринивас Раманужан 1911 йилда илмий иши Ҳиндистон математика жамияти журналида нашр этилганида эришди. Ушбу 17 саҳифалик тадқиқот унинг математикага қўшган кўплаб ҳиссаларининг дастлабкиси эди. У букилмас матонат билан ишини давом эттирар, дафтар варақалари устида теорема кетидан теорема ёзиб борар эди.
Математик эътироф
Ҳиндистонлик математик янги билимларга интилиб Кембрижга борди. Профессор Хардига юборган мактубида киритилган тўққиз саҳифа иши олимни ҳайратда қолдирди. Харди Раманужан ақлининг ғайриоддий, ҳатто ўрганилмаган ёрқинлигини деярли дарҳол тан олди. Улар яқин ҳамкорга айланишди. Олим Раманужаннинг таълимидаги бўшлиқларни тўлдиришга, шу билан бирга унинг интуитив ижодий ёндашувини сақлаб қолишга ҳаракат қиларди.
Раманужаннинг Ғарбга саёҳати нафақат унинг ўзини, балки бутун математик оламни ҳам бойитди. Умуман олганда, математикада Сринивас Раманужан номини олган саккизта муҳим кашфиётлар (шу жумладан, доимий сонлар, теоремалар, рақамлар ва бошқалар) мавжуд. У математикадаги 120 та теорема муаллифи.
Англияда математикага катта ҳисса қўшган Раманужан Кембрижда бакалавр даражасини олди ва Қироллик жамиятининг биринчи ҳиндистонлик аъзосига айланди. Бироқ ғайриоддий иқлим шароити ва нотўғри овқатланиш тартиби туфайли унинг соғлиғи ёмонлашди. 1917 йилда касал бўлиб, Ҳиндистонга қайтиб келган Сринивас бир йилдан кейин 32 ёшида сил касаллигидан вафот этди.
“У ҳеч қачон шон-шуҳратга интилмаган. Унга фақат математиканинг номаълум чуқурликларини ўрганиш имконияти керак эди”, деган эди у ҳақда инглиз математики Харди ўзининг “Математик мадҳия” китобида.
Харди фаннинг замонавий соҳаларида пайдо бўлиб турадиган Раманужан томонидан билдирилган формулаларни оқилона изоҳлади: “Улар ҳақиқий бўлмоғи даркор, модомики ҳақиқий бўлмас экан, уларни ихтиро қилишга ҳеч кимнинг тасаввури етмаган бўларди”.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.