Оқдарёнинг иқтисодий салоҳияти тадбиркорларга боғлиқ

Оқдарё туманида ҳудудий инвестиция дастури асосида 2021-2022 йилларда 324 миллиард 39 миллион сўмлик 42 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Бунинг натижасида 1016 та янги иш ўрни яратилади.

Жумладан, жорий йил якунигача 257,5 миллиард сўмлик 39 та лойиҳани ишга тушириш орқали 846 нафар киши ишли бўлади.

Туман саноатини ривожлантириш учун 16 та, хизмат кўрсатиш йўналишида 8 та, қишлоқ хўжалиги бўйича 15 та лойиҳа амалга оширилади.

- Туман иқтисодиётини кўтаришда тадбиркорларимизнинг хизмати катта бўляпти, - дей­ди туман ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари Нодир Маматкаримов. – Жорий йилнинг I ярим йиллигида 205 нафар оқдарёлик муқим иш билан таъминланди. Лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорларимиз 83 миллиард сўм сарфлади. Натижада 17 та лойиҳа дастур асосида ишга туширилди.  Дастурдан ташқари яна 9 та лойиҳа амалга оширилиб, 76 киши иш билан таъминланди. 

Бугунги кунгача туманга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритиш режаси бўйича 1,7 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилди. Йил якунигача тадбиркорлар яна 3 та лойиҳа орқали 350 та янги иш ўринлари яратишни мақсад қилган. Биргина Тараққиёт маҳалласидаги "Oqdaryo plankton" МЧЖга қарашли қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда тош майдалаш цехида 20 та янги иш ўрни яратилиши учун тадбиркор 1,7 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция маблағини жалб қилган.

Туманда ўз маҳсулотларини хорижга экспорт қилувчи кўплаб корхоналар бор. Улар томонидан жорий йил 21,1 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Жумладан, 9,5 миллион долларлик саноат, 11,6 миллион долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари хорижга сотилади. Бироқ туманда олти ойлик режа бор-йўғи 83 фоизга бажарилган.

- Корхонамиз йил якунигача тўлиқ ишга туширилади, - дейди тумандаги "Asr imkon tekstile" корхонаси раҳбари Шайдохон Атауллаев. – Ҳозирда 120 дан ортиқ замонавий тикув машиналарида 150 нафар хотин-қиз ишлаётган бўлса, яна 150 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Корхонамизда ип-калава тайёрлашдан бошлаб 20 дан ортиқ тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 

Дилмурод Тўхтаев.