Оқдарёнинг “оқ” ва “қора”си

Оқдарё тумани вилоят марказига яқин бўлгани сабабли ҳам бу ҳудудда олис туманлардагига қараганда аҳоли турмуш даражаси, ривожланиш яхши. Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек муаммолар ҳам йўқ эмас. Бунга “Бир келиб кетинг қишлоғимизга” рукни асосида лавҳа тайёрлаш истагида туманга ижодий сафаримиз чоғида гувоҳ бўлдик.

 Суғончига Лойишнинг кенгайтирилган,  аммо тирбанд кўчасидан ўтиб бордик

Оқдарёнинг Иштихон билан чегара ҳудудида жойлашган Суғончи маҳалласига туман маркази – Лойишдан ўтиб бордик. Икки йил аввал бу шаҳарчанинг кўчалари тор ва тирбанд эди. Автомашиналар мумкин бўлмаган жойларда ҳам тўхтаб турарди. Ҳозир йўллар кенгайтирилиб, кўча четида замонавий бинолар бунёд этилибди. Аммо тирбандлик ўша-ўша. Кенг кўчада жой топилмаганидан, автотураргоҳлар йўқлигидан машиналар пиёдалар йўлакларида тўхтаб турганига ва ҳаракатланаётганига гувоҳ бўлдик.

Кўп ўтмай Суғончига етиб бордик. Маҳалла фуқаролар йиғини биноси ачинарли аҳволда экан.

- Қишлоғимиздаги тадбиркорлардан бири томонидан давлат хусусий шериклик асосида янги бино барпо этилиши режалаштирилган, - дейди маҳалла раиси Эшмон Бозоров. – Қурилиш учун зарур ҳужжатлар тайёрланган. Бинонинг бир қисмидан тадбиркор савдо маркази сифатида фойдаланмоқчи. Бунинг натижасида 5 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланиши кўзда тутилган.

 Мактабда “репетитор” йўқми? Ўқувчилар ёлғончиликни ўрганяптими?

Маҳалладаги 6-умумий ўрта таълим мактабидаги битирувчи синф ўқувчилари билан суҳбатлашиш истагида синфхонага кирганимизда геометрия дарси тугаган экан. Нима учун кўпгина парталар бўш турганини сўраганимизда бизга ҳамроҳлик қилаётган мактаб директори турли баҳоналарни айтди-ю чиқиб кетди. Орадан кўп ўтмай, танаффус пайтида, ҳали кейинги дарсга киришга қўнғироқ бўлмасдан  “Мумкинми?” дея бир неча ўқувчи кириб келди. Айримлари хатти-ҳаракати билан бу синфга бегона эканлигини сездириб қўйди. Улар билан суҳбат жараёнида аниқ бўлдики, икки нафари бошқа синфда ўқир экан. Бизнингча, уларга кимдир шу синфдаги бўш парталарни тўлдириб ўтириб туринглар, деган. Бироздан сўнг дарсга қатнашмаётган ўқувчилар олий ўқув юртига тайёргарлик кўриш учун бошқа ҳудуддаги “репетитор”лардан сабоқ олаётгани аниқ бўлди.

- Мактабимизда касбий, фан ва спорт  йўналишлардаги тўгараклар фаолият олиб боради, - дейди мактаб директори Чарос Муҳаммадиева. – Туманимиздаги 52-мактаб битирувчиларининг аксарияти олий ўқув юртларига кирган. Жамоамизда ҳам билимли, тажрибали ўқитувчилар кўп. Аммо баъзи ота-оналар фарзандларига ўша мактаб ўқитувчилари репетиторлик қилиши учун уларга берган. Шу сабабли айрим битирувчи синф ўқувчилари ҳафтада бир-икки соат дарс қолдиради. Аслида бу мумкин эмас. Энди ўқишга кирса яхши бўлади, деб индамаймиз-да.

Ўйланиб қоласан киши, нима учун мактабда олган билим билан битирувчи олий таълим муассасасига ўқишга киролмайди. Ўқувчи нега ўзи ўқиётган мактабда қўшимча, бепул тўгаракларга қатнашмасдан бошқа мактаб ўқитувчиларига пул тўлаб тайёргарлик кўради? Нима учун бу маҳалла ўғил-қизлари давлат томонидан қуриб берилган янги, замонавий мактаб ва унда яратилган шароитларнинг қадрига етмайди?

 Эски боғчада тарбияланаётган янги авлод

14-мактабгача таълим ташкилоти бир пайтлар тумандаги нуфузли боғчалардан бири бўлган экан. Кейинчалик эътиборсиз қолдирилиб, ачинарли аҳволга келиб қолган. Боғчанинг катта бир биноси қишлоқ врачлик пунктига берилган. Кейинги йилларда оилавий поликлиникалар ташкил этилиб, бу тиббиёт муассасаси филиалга айлантирилди. Натижада шу бино ҳам иккига бўлиниб, бир қисми профилактика инспекторига хизмат уйи сифатида ажратилди. Ҳаммаси бир ҳовлида жойлашган. Қишлоқ тиббиёт муассасаси ва боғча ўртасида чегара йўқ. Профилактика инспектори уйи билан мактабгача таълим ташкилотининг чегараси бўлган девордан бир дарча очилган. Сабабини сўраганимизда, ўртадаги бир пишма кран профилактика инспектори, тиббиёт пункти ва боғча учун хизмат қилар экан.

- Боғчамизда 80 нафар бола тарбияланяпти, - дейди мактабгача таълим ташкилоти директори Хуршида Убайдуллаева. – Муаммо биномизнинг эскилиги, аммо нолимаймиз. Бор имкониятдан фойдаланиб болаларни тарбиялаб келяпмиз. Шу йил ташкилотимиз учун янги бино қуриб берилиши режалаштирилган.

 Суғончи - уруғчилар маҳалласи

Маҳалла аҳолиси асосан томорқасида сабзавот маҳсулотлари ва кўкатларнинг уруғлари, зираворлар етиштириш билан шуғулланади. Бу ерда етиштирилган уруғлар нафақат Самарқанд вилоятига, балки республикамизнинг барча ҳудудларига тарқалади.

- Ўзим дурадгорман, бўш вақтларимда томорқада ишлайман, - дейди Ўрадил қишлоғида яшовчи Абдумурод Исломов. – Ўн сотих томорқадан йилига икки-уч марта фойдаланамиз. Оиламиз билан эрта баҳордан кеч кузгача асосан, уруғ етиштирамиз. Шу ерда етиштирилган уруғнинг ўзидан 10 миллион сўмдан зиёдроқ даромад қиламиз. Бизни электр тармоғи, симёғочлар ва айрим ички йўлларимизнинг таъмирталаблиги қийнаб келаётганди. Яқинда туман ҳокимлигига мурожаат қилдик. Муаммоларга шу йил ечим топилишини айтишди.

Суғончидан қайтаётиб, бир йилдан сўнг бу маҳаллага яна бир келишни ният қилдик. Ўшанда ҳудуддаги ижобий ўзгаришларни суратга олиб, бошқа қишлоқларга ўрнак бўладиган жиҳатларини ёритамиз деган умиддамиз.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.