Ўқитувчиси йўқ мактабга компьютер керакми?
БУНИ БУЛУНҒУРЛИКЛАР ЯХШИ БИЛАДИ
2019 йил 19 мартда Президентимиз видеоселектор йиғилишида ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этиш бўйича 5 та ташаббусни илгари сурди. Ташаббусларнинг айримлари, жумладан, аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш ҳамда уларнинг маънавиятини юксалтириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва спортни ривожлантириш бўйича Булунғур туманидаги умумий ўрта таълим мактабларида олиб борилаётган ишлар билан танишдик.
– Булунғур туманида 66 та умумий ўрта таълим мактаби бор, – дейди туман халқ таълими бўлими мудири вазифаcини вақтинча бажарувчи Суярқул Бердиқулов. – 35 минг 54 нафар ўқувчига 3055 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда. 58 та мактабимизда компьютер бор. Қолган 8 та мактабга компьютер беришларини сўраб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Навбати билан бу мактабларга ҳам компьютер берилиши айтилган.
СПОРТ ЗАЛ ФАҚАТ ДИРЕКТОРГА КЕРАКМИ?
2008 йилда қурилган 34-умумий ўрта таълим мактабида 419 нафар ўқувчи икки сменада таҳсил олади. Информатика хонасида 15 та компьютер бўлиб, интернет алоқа тизимига уланган. Муассаса раҳбарининг айтишича, ўқувчилар дарсдан ташқари компьютер тўгаракларида қатнашади.
– Айни пайтда бизни қийнаётган энг асосий муаммо спорт зали бўлиб турибди, – дейди мактаб директори Орифхон Абдуқаюмов. – Мактаб биноси қурилганига кўп ўтмаган бўлса-да, спорт залда қурилиш ишлари яхши ташкил этилмагани боис яроқсиз ҳолга келди. Спорт машғулотлари ташқарида олиб борилади. Бу ҳақда туман халқ таълими бўлимига икки марта мурожаат қилдик, аммо натижа йўқ.
Мактабда хона етишмаслиги боис кутубхона ҳам кичик бир хонага жойлаштирилган. Ўқувчилар учун у ерда китоб мутолаа қилиш учун шароит йўқ. Китоблар кам, борлари ҳам ўқувчиларни қизиқтирадиган асарлар эмас. Янги газеталар йўқ. Кутубхона раҳбарининг айтишича, икки-уч хил газета ва журналга обуна бўлинган бўлса-да, жорий йил давомида бирор марта матбуот тарқатувчи томонидан мактабга даврий нашрлар етказилмаган.
11-СИНФ ЎҚУВЧИЛАРИ МАҲАЛЛА БИНОСИДА ДАРС ЎТАДИ
– Мактабимиз 210 ўринга мўлжалланган бўлиб, 410 нафар ўқувчи билим олади, – дейди Хўжамазгил маҳалласида жойлашган 10-умумий ўрта таълим мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Қобил Давуров. – Хоналар етишмаслиги боис 11-синф ўқувчилари маҳалла биносида таҳсил олмоқда. 1 миллиард 270 миллион сўмлик лойиҳа асосида, қўшимча бино қуриш ишлари бошланди, бироқ бу билан барибир ўқувчиларни сиғдиришнинг имкони бўлмайди.
Мазкур мактабда 14 та замонавий компьютер бор, аммо ўқувчилар ундан самарали фойдаланиши учун имконият етарли эмас, интернетга уланмаган. Муассаса кутубхонаси эса спорт зали ёнидаги, бир пайтлар ювиниш учун мўлжаллаб қурилган хонага жойлаштирилган. Китоблар пала-партиш ҳолатда ярми жавонда, ярми ерда. Яқин ўртада у хонага кирилмаган шекилли, китобларни чанг босган. Янги ўқув йилида мактабга бирорта ҳам газета келмаган. Ҳолат юзасидан муассаса раҳбарининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Бекзод Тоштемиров "Обуна бўлиш мажбурий эмаслиги боис, бу йил мактабимизда ҳеч ким бирорта газетага обуна бўлмади", дея изоҳ берди.
Мактаб фойеси ва синф хоналар ҳам кутубхонадан-да ачинарли ҳолда. Тозаликка умуман риоя қилинмаган. Дарс вақтида жуда кўп ўқитувчи ва ўқувчилар ташқарида юрибди.
МАКТАБ РАҲБАРЛАРИ ВА ЎҚИТУВЧИЛАРИ ҚАЕРДА?
Туманнинг Бешкал қишлоғида жойлашган 58-умумий ўрта таълим мактабида бўлганимизда, очиғи, мамлакатимизда шундай ачинарли муҳитга эга таълим муассасаси борлигига ишониш қийин бўлди. Мазкур муассасага соат 11:37 да етиб борган бўлсак, у ерда икки-уч нафаргина ўқитувчини учратдик, холос. Ваҳоланки, мактабда 31 нафар педагог фаолият юритади. Ачинарлиси, бу пайтда муассаса раҳбарларининг ҳам бирортаси ўз ўрнида эмас. Ҳолат бўйича ўқитувчиларнинг ҳеч бири бизга тайинли жавоб беролмади. Керакли маълумотларни олиш учун мактаб директори билан телефон орқали боғланиб, ўзимизни таништирдик.
"Мен иш юзасидан бошқа жойдаман. "Зовуч" таъзияга кетган, кутиб турсангиз, маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарим бориб, керакли маълумотларни беради. Ҳа айтганча, сиз танқид қилиш учун келдингизми?..." Директорнинг бу сўзларидан сўнг 15 дақиқа ўтгач, маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосар келди. Ўзини Узоқбой Фозилов деб таништирган бу одам тавозе билан гапни илтимос қилишдан бошлади. Унинг айтишича, мазкур мактабдаги аянчли ҳолатларга кўз юмиб, муассасага келмадик деб кетишимиз керак экан.
У.Фозиловнинг таъкидлашича, муассасада 257 нафар ўқувчи икки сменада таҳсил олади. Мактабда компьютер хонаси ҳам, спорт зали ҳам йўқ.
– Телевезор орқали мактаб ўқувчиларининг компьютерда ишлаётганини, чиройли залларда спорт машғулотлари бажараётганини кўрсам ҳавасим келади, – дейди 8-синф ўқувчиси Дилдора Нарзуллаева. – Қани эди бизда ҳам шундай имкониятлар бўлса.
Муассасада раҳбарларнинг мактабда эмаслигига бирор сабаб кўрсатиш мумкин, аммо дарс пайтида ўқитувчиларнинг йўқлигига нима дейсиз? Мактабдаги синфларга кирганимизда ўқувчилар ўз хоналарида ўтирганини кўрдик, бироқ тўртта синфга кириб, бирортасида ўқитувчи дарс ўтаётганига гувоҳ бўлмадик. Ўқувчилардан сўраганимизда ўқитувчилари келмаганини айтишди. У.Фозилов эса ўқитувчиларнинг дарс вақтида нега йўқ эканини ҳар хил баҳоналар билан изоҳлашдан нарига ўтмади.
Мактабнинг иккинчи биносига, очиғи, киришга чўчидик. Болалар кун бўйи ўтириб, дарс ўтадиган хоналар мутлақо яроқсиз ҳолга келган. Бир неча йил олдинги парталар ҳам маънан эскирган. Мазкур бинода жойлашган кутубхона ундан-да ачинарли. Мактаб раҳбаридан тортиб ўқитувчиларгача китоб мутолааси деган нарсани ўзларига ёт билишади шекилли, кутубхонада иштиёқ билан ўқийдиган битта ҳам асар йўқ. Бор китоблар ҳам бармоқ билан санарли.
Булунғур туманидаги мактабларда бўлиб шунга амин бўлдикки, Президентимиз айтган бешта ташаббус бу ерда бирорта раҳбарни "қўзғат"маган. Эҳтимол, нафақат мактаб, балки туман ҳамда халқ таълими бўлими мутасаддилари мазкур ташаббуслар ҳақида ўйлаб кўрганида, энг аввало, бу ҳаракат таълим муассасаларида сезиларди.
Абдужаббор ПЎЛАТОВ,
"Зарафшон" мухбири.