Ўзбек тили 10 минг тилдан иборат дунё рўйхатида 40-ўринда туради
Мустамлака даврида тилимиз қадрсизланиб, ўз мавқеини анча йўқотди. Ҳатто баъзи миллатдошларимиз ўз она тилида гапиришдан ор қилган замонлар бўлди. Шукрки, бугун она тилимиз давлат тили сифатида ўз ўрни, нуфузига эга бўлиб бормоқда. Аммо, ҳали бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар бир талай. Самарқанд давлат университети филология факультети декани, филология фанлари доктори, профессор Азамат Пардаев билан суҳбатимиз ўзбек тили тараққиёти ва ундаги муаммолар ҳақида бўлди.
- Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 33 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида она тилимиз тараққиёти йўлида нималарга эришдик?
- Биз биринчи навбатда ўзбек тилини ҳалокат ёқасидан қайтардик. Собиқ иттифоқ даврида жудаям руспарастлик, рус тилини биринчи тил даражасига кўтариш кучайиб кетганди. Аслида бундай ҳолат XVIII асрда Россияда ҳам содир бўлган. Рус аристократлари рус тилида гаплашишга ор қилишган ва кўпроқ француз тилига эътибор бера бошлаган. Оддий халқ рус тилида гаплашган. Уларда ҳам мана шундай тил инқирози рўй берган. Бу ҳолат бизда 1980 йиллар арафасида бўлган, яъни рус тилига катта эътибор берилган. Уни нуфуз деб ҳисоблаб, рус тилида гапириш элита даражасида урф бўлган. Бу ҳолат тилимизни ғариблаштирди, ўз тилимизда гапиришдан уяладиган бўлдик. Ўша пайтда зиёлилар қатлами бунга қарши қаттиқ курашди. Ҳанузгача тилимизни асраш ва ривожлантириш жараёни босқичма-босқич давом этиб келяпти.
Тилни тўласинча англатиш, унинг моҳиятини тушуниш учун жуда кўпчилик ҳаракат қилиши керак. Ҳар бир ўзбек фарзандида болалигидан тилимиздан ғурурланиш, уни асраш ҳисини уйғотиш лозим.
Тарих учун 33 йил унча катта муддат ҳисобланмайди. Аммо шу даврда жуда катта ишлар қилинди, ўзбек тили дунёдаги ўзининг салафлари қаторига чиқди. Биргина мисол, ижтимоий тармоқларда тилларни доимий текшириб, сўз бойлиги, сўзловчилар сони, илмий тадқиқ этилишини ўрганиб борадиган ташкилот бор. Масалан, ўша ташкилотнинг 10 минг тилдан иборат рўйхатида ўзбек тили 40-ўринда туради. Бу жуда яхши натижа. Қанийди, келажакда тилимизни янада ривожлантириб, кучли ўнликка кирсак.
- Кейинги йилларда ўзбек тилига “стартап”, “фейк”, “пресс-тур”, “холл”, “сити” каби ажнабий сўзлар кириб келмоқда. Ҳолбуки, айримларининг ўзбек тилида муқобил варианти бор. Бундай ҳолат давом этаверса, тил бойлигимиз қашшоқлашиб кетмайдими?
- Тил худди тирик организм сингари доим озиқланади. Тилнинг озиқланиши ички ва ташқи бўлади. Ички озиқланишда шевалардан, турли грамматик воситалардан янги сўзлар ясаймиз. Агар эътибор бераётган бўлсангиз, кейинги пайтда бу жуда авж олди. Олдин ижодкорларимиз эҳтиёт бўлиб, сўз ясарди. Буни мен ижобий ҳолат деб ҳисоблайман. Халққа қайси бири маъқул бўлаётган бўлса, уни ўзлаштириб олаверади, ёқмаса, истеъмолдан чиқиб кетаверади.
Айрим тилшунослар 500 йилдан кейин Ерда битта тил қолиши ҳақида ҳадикли гап айтишмоқда. Уларнинг 60-70 фоизи инглиз тилига асосланган тил қолади, дейишади. Тўғри, буни кимдир киноя билан айтган бўлиши мумкин. Ҳозирги ҳолат бўйича ўйлаб қарайдиган бўлсак, биз шунга қараб кетяпмиз. Инглиз тили бугун ҳар бир тилга шовуллаб кириб боряпти. Масалан, мана бу “мишка”ни биз “сичқонча” деб кўрдик, оммалашмади. Клавиатурани “тагтахта”, дедик, бўлмади. Қарасак, секин-аста муайян тушунчалар билан боғлиқ сўзлар келяптики, тилимизда уларнинг муқобили йўқ. Кейин инсонларда ҳар бир миллатга хос тил дангасалиги бор. Биз кўпроқ осон вариантни қўллашга ҳаракат қиламиз. Масалан, “чорлов” сўзининг ўрнига “челленж” сўзи қўлланса, сал бошқача эшитиляпти. Ёшларимизга шу сўз маъқул бўляпти. Давр, фан қанчалик тараққий этаверса, ёт сўзлар тилимизга кириб келаверади. Масалан, телевизорнинг пультини нималар деб атамадик, барибир оммалашмади.
Эсингизда бўлса, 90-йиллар арафасида ёппасига тилимизни тозалаймиз, дейишди. Форс-тожик, араб тилларидан ўзлашган сўзларни чиқариб ташладик. Ўзимиз бир нималар ясашга ҳаракат қилдик. Масалан, китоб, мактаб сўзлари араб тилидан ўзлашган. Бугун китобнинг ўрнига “битик” десак бўлмайди, чунки китоб сўзи тилимизга сингиб кетди. Шунинг учун баъзи ҳолатларда бошқа тиллардан сўз ўзлашишини табиий ҳолат, деб ҳисоблайман.
- Илгари филология факультети талабалари қишлоқларга шевага хос сўзларни ўрганиш учун амалиётга юбориларди. Ҳозир ҳам шу анъана давом этяптими?
- Олдин ҳар бир олий таълим муассасасида шевашунослик бўйича тўгараклар бўларди. Мана шу тўгаракларга расмий тус берилди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети бизнинг таянч муассасамиз ҳисобланади. У ердаги марказга вилоятлар кесимидаги ҳар бир тўгарак ҳисобот бериб туради. Олдин битта туманнинг битта қишлоғи шевасини ўрганган бўлсак, бугун талабалар сонининг кўплиги боис уларни икки ҳафтага ўз ҳудуди шевасини ўрганиб келишга юборяпмиз. Бу ерда комиссия талабалар топиб келган сўзларни ажратиб, луғатлар тайёрлайди. Шевага хос сўзлар истеъмолда қанчалик кўп ишлатилса, у умумхалқ тилига ўтиб бораверади.
- Аввало, оммавий ахборот воситаларида ўзбек тили меъёрларига амал қилиниши керак. Аммо телевидение ва радиода берилаётган айрим кўрсатув ва эшиттиришлар адабий тил нормаларига тўғри келмайди. Бу ҳақда неча йилдан бери гапириляпти, бироқ натижаси кўринмаяпти. Нима қилсак, ушбу муаммонинг олдини олган бўламиз?
- Олдин телеканаллар сони кам, шунингдек, ҳукумат тасарруфида бўлиб, уни назорат қилувчи идоралар бор эди. Шу сабабли сухандонлар нутқи идеал даражада бўларди. Бугун хусусий телеканаллар турли хил шоу, кўрсатув ва сериаллар беряпти. Аммо умуман, уларни назорат қиладиган ташкилот йўқ, деб ҳисоблайман. Афсуски, бугун телеканалларимиз шевада гапиришни табиийлик деб қабул қиляпти. Оммавий ахборот воситаларида адабий тил нормаларига риоя қилиш қонунлар билан назорат қилиниши керак. Агар бу масала ҳукумат даражасида кўриб чиқилмаса, оғриқли масала бўлиб қолаверади.
- Тилшуносларимиз томонидан ўзга тил вакиллари учун ўзбек тилини ўргатадиган мукаммал китоб яратилганми?
- Албатта, бир талай олимларимиз бу масалада алоҳида шуғулланяпти. Мисол учун, профессор Жўлибой Элтазаров корейслар, турклар учун дарсликлар яратди. Биз бошқа тил вакилларининг ўзбек тилини осон ўрганиши учун кам эътибор қаратаётгандик. Шунинг учун “Ўзбек тили дўстларим” деган клуб ташкил қилдик. Ана шу клубда кўплаб мана шундай дарсликлар яратиляпти. Тилимизни нафақат асраш, балки уни ўрганишни ҳам тарғиб қилишимиз керак.
- Филология факультетидаги тилшунослар ўзбек тили ривожига қандай ҳисса қўшяпти?
- Бугунги кунда филология факультети ўзбек тилшунослиги кафедрасида 12 нафар тилшунос олим, ўзбек тили ва адабиёти кафедрасида 5 нафар ўқитувчи фаолият юритяпти.
Улар томонидан ўзбек тилининг назарий, амалий жиҳатларини ёритишга бағишлаб кўплаб дарслик, ўқув қўлланма, монография, луғат ва илмий мақолалар ёзилмоқда. Республикамиз ва хориждаги илмий анжуманларда иштирок этиб, маърузалар қилишмоқда. Тилимизнинг муҳим жиҳатлари бўйича диссертациялар ёқланмоқда.
С.Каримовнинг “Нутқ маданияти ва мутолаа санъати” (2020), Ж.Элтазаровнинг “Ўзбек ва жаҳон тилшунослигида сўз туркумларининг ўрганилиши” (2021), А.Пардаевнинг “Тилшунослик назарияси” (2021), А.Пардаев ва С.Қурбоновларнинг “Hozirgi oʻzbek tili”, А.Пардаев, Д.Ўринбоева, Д.Исломоваларнинг “Ўзбек терминологияси” (2020), Д.Ўринбоеванинг “Компьютер лингвистикаси” (2020), Ш.Маҳмадиев ва Т.Эрназаровларнинг “Ўзбек диалектологияси” (2021), О.Юсупованинг “Тилшунослик ва табиий фанлар” (2021) ўқув қўлланмаларидан таълим тизимида талабалар фойдаланмоқда.
Атрофдаги мамлакатлар билан солиштирадиган бўлсак, бизнинг кам сонли тадқиқотчиларимиз тил тараққиёти бўйича шуғулланяпти. Аммо тилшунос олимларимиз жуда кам. Аслида ўзбек тилшунослигини ривожлантириш учун ҳар бир вилоят кесимида мактаб шаклланиши керак.
Негадир ҳар йили байрам арафасида ўзбек тили ривожи ҳақида жонкуярлик билан гапириб қоламиз. Байрам ўтгач, яна бу мавзу унутилади. Аслида ўзбек тили тараққиётига нафақат тилшунослар, балки ҳамма жавобгар бўлиши керак.
- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Хуршида Эрназарова суҳбатлашди.